Когон: “Ниёзҳожи” МФЙ Вадан қишлоғида яна бир ташаббус—паррандачилик лойиҳаси амалда
2025-11-27 16:50:00 / Янгиликлар

Куржан, Талча, Ниёзҳожи, Вадан, Чамбарон, Ғанчи, Ганчкаш қишлоқларидан таркиб топган “Ниёзҳожи” МФЙ да бугунга келиб 1610 та хонадон, 1985 та оила ва уларда жами 7200 дан ортиқ аҳоли вакили умргузаронлик қилмоқда. Маҳалла маъмурияти, бевосита масъул “еттилик” саъй-ҳаракати билан жорий йилда ниёзҳожиликларнинг 320 нафари доимий иш билан таъминланган. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти кам таъминланган, мададга муҳтож оилалар вакиллари.
Биргина “Ҳар бир оила—тадбиркор” давлат дастури доирасида жорий йил бошидан маҳалла аҳли учун 1 миллиард 200 миллион сўм атрофида маблағ молиялаштирилган. Бу маблағ олтмишга яқин ташаббускорга расмийлаштириб берилгани натижасида турли жабҳада кичик цех кўринишида лойиҳалар ишга туширилган.
Айни кунда Вадан қишлоғида яшовчи Шерзод Рўзиев ҳам яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, паррандачилик йўналишида барқарор ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйди. Ҳозирда Рўзиев томонидан ташкил этилган хўжаликда 5 минг бошдан ортиқ бройлер жўжа парваришланмоқда.
Паррандалар ветеринария тартиб-қоидаси асосида, зарур эмлаш воситалари билан, санитария-гигиена талаблари асосида сақланмоқда. Бунда белгиланган 40 кун муддатда замонавий технологиялар орқали парҳезбоп гўшт етиштирилмоқда. Хўжаликда тайёрланаётган парранда гўшти бозорда харидорини топган бўлиб, маҳаллий истеъмолчиларга мунтазам етказиб берилмоқда.
Муҳим жиҳати, айни пайтда Шерзоднинг қўли остида 5 нафар доимий ишчи меҳнат қилиб, ҳар ойда 3-4 миллион сўм атрофида маош олмоқда. Тадбиркорлик фаолияти самарадорлигидан хўжаликнинг йиллик даромади 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда. Тадбиркор паррандачининг таъкидлашича, фаолиятдан қўлга киритилаётган даромад келгусида ишлаб чиқариш қуввати ва маҳсулдорлигини оширишга йўналтирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









