Ромитан: “Хўжауббон” канали ўзани тўлиқ бетонлаштирилмоқда
2025-11-27 15:15:00 / Янгиликлар
Вилоят қишлоқ хўжалигида вегетация мавсуми тугаши билан бир қатор сув иншоотларида таъмирлаш-тиклаш, ўзанларни лой ва хас-хашакдан тозалаш, сув ўтказувчанлигини яхшилаш мақсадида ариқ ва каналлар ўзанини бетонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Жумладан, Ромитан туманининг салкам 5 000 гектар экин ерларини суғоришда катта аҳамиятга эга “Хўжауббон” канали узоқ йиллар давомида таъмирланмагани сабабли иншоотнинг сув ўтказиш қобилияти кескин пасайган, бунингн оқибатида сув истеъмолчилари ўртасида ҳақли эътирозлар келиб чиқаётганди. Бу каби ҳолатларга барҳам бериш, каналнинг иш қобилиятини яхшилаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида мазкур гидроиншоот ўзанини тўла-тўкис бетонлаш ишлари бундан бир муддат илгари бошлаб юборилган. Айни кунда бу ерда белгиланган ишлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Жараёнда пудратчи ташкилот “Вобкент олмос” хусусий корхонаси томонидан сув иншооти қурилиш объектига 7 та эксковатор, 4 та юк машинаси ва зарур техника воситаларидан унумли фойдаланаётган қирққа яқин ишчи-мутахассис жалб этилган.
“Аму Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси маълумотларига кўра, бунда белгиланган режага асосан, умумий узунлиги 12 минг метрга тенг бўлган сув иншооти ўзани тўлиқ бетонлаштирилади. Таъмирлаш ишлари ниҳоясига етгач, каналнинг сув ўтказиш қобилияти сониясига 4,5 метр куб ўрнига, 5,5 куб метрга етказилади.
Айтиш жоизки, ҳудуддаги ўнлаб деҳқон-фермерлар, томорқа ер эгалари учун “Хўжауббон” каналидан ер суғориш ишлари кескин яхшиланаиб, “оби ҳаёт” исрофгарчилигининг сезиларли равишда олди олинади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




