Бухоро шаҳри: шайхонлик Сабоҳат Бозорова ҳам томорқасини обод қилиб, иссиқхонасидан қут-барака топмоқда
2025-11-21 20:05:00 / Янгиликлар

Экин ерида ҳар йили сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириб келаётган хонадон бекаси оила аъзолари кўмагида иссиқхона барпо этиб, деҳқончиликни янада ривожлантириб, йилида икки-уч марта ҳосил етиштириб, самарадорликка ҳам эришмоқда. Маҳалла маъмурияти кўмагида Бозоровлар оиласига тижорат банкидан ажратилган имтиёзли кредит маблағи—33 миллион сўм сармоя иссиқхона қуриш ташаббусини рўёбга чиқариш ва ҳосил етиштиришда жуда қўл келди.
Шунингдек, хонадон бекасининг қизи Нилуфар Муҳитдинова камбағаллик реестрига киритилиб, оилага 30 сотих ер майдони ажратилгани, бу ерда деҳқон хўжалиги ташкил қилингани яна қўшимча имкониятдир. Оилага ихчам иссиқхона қуриб берилгани бунда яшовчилар бандлиги ва дастурхони тўкинлигини таъминлаш баробарида, уларни мунтазам даромадга эга бўлган тадбиркор оилага айлантирди.
—Иссиқхонамизда дастлаб помидор етиштирдик ва жуда яхши даромад олдик. Ҳосилни йиғиб олганимиздан сўнг бодринг парваришига киришдик. Меҳнат қилганнинг меҳнати зое кетмас экан, астойдил меҳнат ортидан барака топаяпмиз,— дейди меҳнаткаш аёл Сабоҳат Бозорова.—Ҳозирда иссиқхонада бодринг етиштиряпмиз. Ҳосил чўғи кўзлаганимиздек. Бунинг натижасида ҳар ойда 4 миллион сўмдан ортиқ соф фойда олишга ҳам эришмоқдамиз. Асосийси, маҳсулотимизнинг бозори чаққон, очиғи, маҳалладан ортмаяпти.
Айнан шу оила ва Сабоҳат Бозорова фаолиятидан кўриш мумкинки, яратилаётган имконият ва қулайликлар аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши ва турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









