Когон: чамбаронлик Саидовлар хонадони ҳам иссиқхона ва чорва моллари боқишдан барака топмоқда
2025-11-19 10:05:00 / Янгиликлар

Маҳалла маъмурияти, бевосита масъул “еттилик” саъй-ҳаракати билан жорий йилда ниёзҳожиликларнинг 320 нафари доимий иш билан таъминланган. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти кам таъминланган, мададга муҳтож оилалар вакиллари. Биргина “Ҳар бир оила—тадбиркор” давлат дастури доирасида жорий йил бошидан маҳалла аҳли учун 1 миллиард 200 миллион сўм атрофида маблағ молиялаштирилган. Бу маблағ олтмишга яқин ташаббускорга расмийлаштириб берилгани натижасида турли жабҳада кичик цех кўринишида лойиҳалар ишга туширилган.
Ниёзҳожида яшовчи аҳоли асосан деҳқончилик ва тадбиркорлик билан шуғулланади. Томорқа меҳнати билан бирга савдо ва тижорат иши, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш тармоғи ривожланмоқда. Айниқса, томорқасидан унумли ҳосил олиб, оилаларига мўмай даромад келтираётган ёки чорва молларини кўпайтириб, моддий манфаат топаётган меҳнаткашлар сафи кенгаймоқда.
Айнан Ниёзҳожи маҳалласи, Чамбарон қишлоғида истиқомат қилувчи Баҳодир Саидов ҳам даромад манбаини кўпайтириш ва бандликни таъминлашга қаратилган имтиёзлардан оқилона фойдаланаётганлардан бири.
Дастлаб, жорий йил бошида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида 66 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағини расмийлаштириб олган хонадон соҳиблари бу сармоядан самарали фойдаланиб, “сментал” ва “ангуст” зотига мансуб қорамоллардан 4 бошини харид қилиб, бор куч ва имкониятини чорвачиликка қаратдилар. Айни кунда мазкур қорамоллар парваришда, томорқада эса рўзғор эҳтиёжи учун сабзавот маҳсулотлари етиштириш баробарида чорва моллари учун озуқабоп экинлар етиштирилиб, қишга зарур ем-хашак заҳираси тайёрланган. Наслдор қорамоллардан бўрдоқига боқилгани ҳадемай 300 килограмдан гўшт бериши уларга қилинган сарф-харажатни қоплайди.
Шунингдек, Саидовлар хонадони аъзолари ҳовли этагидаги экин ерининг 2 сотихли қисмида иссиқхона ҳам қуриб, унда пешма-пеш картошка, помидор, бодринг ва кеч куздан бошлаб турли кўкатлар экиб етиштириб келишади. Деҳқончиликни йил бўйи олиб боришга уринаётган миришкорлар ярим тоннадан зиёд картошка, шунча атрофида помидор ёки пиёз жамғариб рўзғор эҳтиёжидан ортганини қўни-қўшни, маҳалладошлар дастурхонига тортиқ қилиб, яхшигина даромадга ҳам эга бўлишмоқда.
Айтиш жоизки, Когон туманида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, айниқса, ижтимоий муҳофазага олинган ҳар бир хонадонда барқарор даромад манбаини яратишга доир амалий ҳаракат давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




