Когон: “Ниёзҳожи” маҳалласида маданият ва истироҳат боғи қурилмоқда
2025-11-15 12:25:00 / Янгиликлар

— Мазкур лойиҳа доирасида маҳалла марказидан 6 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, дастлабки босқичда маҳаллий бюджетдан 877 миллион сўм маблағ сарфланган, — дейди туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳайдаров. — Шундан сўнг “Arx smart spektr” МЧЖ лойиҳаси асосида пудратчи субъект “Raboti Malik elektro servis” МЧЖ томонидан ўтган йили майдон ободонлаштирилиб, Она ҳайкали кўчириб келтириб ўрнатилди. Шунингдек, автотураргоҳ тайёрланиб, йўлаклар, боғ асосий сатҳи бетонлаштирилди. Йўлакларга тунги ёритиш чироқлари ва скамейкалар ўрнатилиб, ҳудудга 500 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Истироҳат боғи лойиҳасига мувофиқ, эндиликда иккинчи босқичда бажариладиган ишлар учун 2,5 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. Бу сармояга боғ ўртасидан ҳудудга салқинлик таратиб турувчи 2 та ариқ қазиб тайёрланиб, ўзани бетонлаштирилган. Боғ бўйлаб “соғломлаштириш йўлаклари”, велосипед йўлаги барпо қилиниб, ҳудудда болалар учун атракцион ва арғимчоқлар ўрнатиш ишлари ҳадемай бошланади.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида кўнгилочар маскан, музқаймоқ ва салқин ичимлик дўконлари, тез тайёрланадиган таомлар (фастфуд) шахобчалари, кўркам боғ барпо этиш кўзда тутилган. Бир сўз билан айтганда, келгуси йилдан янги истироҳат боғи туман аҳолиси учун кўнгилли ҳордиқ чиқариш масканига айланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





