Когон: Куржан қишлоғида Сафар бобо Тўқов уй хўжалиги ҳам обод ва ҳавасга лойиқ
2025-11-11 11:50:00 / Янгиликлар

Маҳалла маъмурияти, бевосита масъул “еттилик” саъй-ҳаракати билан жорий йилда ниёзҳожиликларнинг 320 нафари доимий иш билан таъминланган. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти кам таъминланган, мададга муҳтож оилалар вакиллари. Биргина “Ҳар бир оила—тадбиркор” давлат дастури доирасида жорий йил бошидан маҳалла аҳли учун 1 миллиард 200 миллион сўм атрофида маблағ молиялаштирилган. Бу маблағ олтмишдан ошиқ ташаббускорга расмийлаштириб берилгани натижасида турли жабҳада кичик цех кўринишида лойиҳалар ишга туширилиб, асосийси 70 нафардан ошиқ фуқарога даромад манбаи яратилгани қувонарли, албатта.
Ниёзҳожида яшовчи аҳоли асосан деҳқончилик ва тадбиркорлик билан шуғулланади, томорқа меҳнати билан бирга савдо ва тижорат иши, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш тармоғи ривожланмоқда. Айниқса, кафтдек ердан унумли ҳосил олиб, оилаларига мўмай даромад келтираётган меҳнаткаш деҳқонлар сафи кенгаймоқда.
Жумладан, Куржан қишлоғида яшовчи Сафар бобо Тўқов хонадони ҳам ана шундай миришкор оилалар сирасидан. Сафар бобо табаррук ёш, 78 баҳорни қаршилаганига қарамай, далада меҳнат қилиб набираларига ҳам ўрнак бўлмоқда. Хонадон ичкарисидаги 4 сотих майдонда айни кунда хушманзара гулларнинг 15 га яқин тури экиб етиштирилиб, харидорларга етказилмоқда.
Ҳар қарич ерни қадрлаган хонадон аъзолари анвойи гуллар ўстириш билан бирга, рўзғор эҳтиёжи учун экин ерида кеч кузги турп, шолғом, сабзи, лавлаги, пиёз ҳамда исмалоқ каби озуқабоп экинлардан мўл ҳосил етиштирмоқда. Айни кунда томорқадан баракали ҳосил етиштиришда оилада вояга етган 7 нафар фарзанднинг ҳам ўз ўрни, жонбозлиги бор, албатта. Муҳими, қўлга киритилаётган ҳалол даромад туфайли меҳнаткаш оила турмуш фаровонлиги ошмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









