Бухоролик тиббиёт ходимларига давлат мукофотлари топширилди
2025-11-10 11:05:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни ўз эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган фидойи шифокор ва ҳамшираларни, соҳа фахрийларини касб байрами билан яна бир бор табриклади.
Тиббиёт ходимларининг аҳоли саломатлигини сақлаш йўлидаги катта хизматлари алоҳида эътироф этилиб, уларга чуқур миннатдорлик билдирилди.
Шундан сўнг вилоят раҳбари соғлиқни сақлаш ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Ромитан тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Мамлакат Ражабовага «Соғлом турмуш», «Бухоро дори-дармон» масъулияти чекланган жамиятининг 1-марказий дорихонаси бўлим бошлиғи Мавлуд Қурбоновага «Шуҳрат» медалларини тантанали равишда топширди.
— Давлатимиз раҳбарининг эътибори менга янада катта масъулият юклайди. Аҳоли саломатлиги йўлида изланишдан, хизмат қилишдан асло тўхтамайман. Тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолини тиббиётга эмас, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш йўлида хизмат қиламан, Энг муҳими, Президентимизга чуқур миннатдорлигимни билдираман, – дейди «Соғлом турмуш» медали соҳиби, Ромитан тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Мамлакат Ражабова.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









