Бухоролик тиббиёт ходимлари шарафланди
2025-11-08 17:35:00 / Янгиликлар

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўз олиб, соғлиқни сақлаш тизимининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида эътироф этди, соҳа ходимларини касб байрами билан қутлади.
Эътироф этилганидек, буюк мутафаккир аллома Абу Али ибн Синонинг муносиб ворислари сифатида халқимиз саломатлиги йўлида бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатиб келаётган бухоролик ўнлаб, юзлаб тиббиёт ходимларининг ҳар кунги иши қаҳрамонлик ва хайрли ишлардан иборат десак, муболаға эмас.
Соҳада амалга оширилаётган янгиланишларга тўхталсак, айни кунда вилоят соғғлиқни сақлаш тизимида 714 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолияти йўлга қўйилди, жорий йилда 70 та давлат тиббиёт муассасаларининг қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун умумий қиймати 184 миллиард 359 миллион сўм маблағ ажратилиб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Вилоят Эндрокринология биносини қуриш учун 47 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлиб, маҳаллий ва республика бюджети маблағлари ҳисобидан яна 6,5 миллиард сўмлик зарур тиббий асбоб-ускунлар ва жиҳозлар харид қилинди. Диспансерда бир вақтнинг ўзида 120 нафар беморга стационар ҳамда 100 нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.
Айниқса, Шофиркон тумани аҳолиси томонидан узоқ йиллар орзиқиб кутилган, замонавий талабларга жавоб берадиган, барча шарт-шароит яратилган Марказий касалхона фойдаланишга топширилгани, шунингдек, келгуси йилда 54 та тиббиёт иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун умумий қиймати 121 миллиард 95 миллион сўм маблағ молиялаштирилгани катта муваффақият, албатта.
Жорий йил ўтган даври мобайнида 12 мингдан ортиқ юқори технологик операциялар амалга оширилгани, бу орқали бемор оилаларининг пойтахт ёки бошқа шаҳарларга бориб тиббий хизмат олиш зарурияти уч бараварга камайишига эришилгани мақсадга мувофиқ. Шу даврда аҳолини бепул дори-дармон воситалари билан таъминлаш мақсадида қиймати 98 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Тадбир давомида жорий йилнинг ўтган даврида самарали ва сифатли, ҳалол ва пок, халққа беминнат хизмат кўрсатиб келаётган 8 нафар тиббиёт ходимига “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, иш фаолиятида алоҳида ўрнак кўрсатган яна бир гуруҳ соҳа фидойиларига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Тантанали тадбир вилоятимиз санъат усталари ва ёш эстрада хонандаларининг концерт дастури билан янада файзли кечди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









