Агентликнинг вазифалари ва функциялари
"Ўзархив" агентлигининг асосий вазифалари ва функциялари
1. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва назорат қилиш;
Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, уларнинг сақланишини, давлат ҳисобига олинишини таъминлаш ва улардан кенг фойдаланиш;
ҳудудий бошқармаларни, миллий архивлар ва давлат архивларини бошқариш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;
архив хизматларини кўрсатишда нодавлат секторни янада ривожлантириш, архив иши соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
архившунослик, археография, иш юритиш, электрон ҳужжат айланиши соҳасида илмий-методик ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларини республика архивлари амалиётига жорий этиш;
замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда архив иши ва иш юритиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш тизимини шакллантириш;
архив иши ва иш юритиш соҳасида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш.
2. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва назорат қилиш соҳасида:
архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда архив ишини ривожлантиришга доир давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
архив ҳужжатларини архивларда, музейларда, кутубхоналарда, илмий муассасалар ва бошқа жойларда жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади ҳамда унинг амалга оширилишини таъминлайди;
сақлаш муддати кўрсатилган намунавий бошқарув ҳужжатларининг рўйхатини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, республика бошқарув органлари томонидан ишлаб чиқилган сақлаш муддати кўрсатилган соҳавий ҳужжатларнинг рўйхатларини келишади;
архив ҳужжатларини алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар сирасига киритиш тартибини, шунингдек, суғурта нусхаларини яратиш ва сақлаш тартибини белгилайди;
архив ҳужжатларини кириб кўриш тартиби ва шартларини белгилайди;
архив ҳужжатларини Миллий архив фонди (кейинги ўринларда МАФ деб аталади) таркибига киритади ва унинг таркибидан чиқаради;
Ўзбекистон Республикасининг архив иши ва уни юритиш соҳасидаги халқаро фаолиятини амалга оширувчи ваколатли маъмурий органи сифатида иш кўради. Халқаро ташкилотларнинг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги конгрессларида, съездларида, конференцияларида Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этади, архив иши ва иш юритиш соҳасида халқаро идоралараро битимлар ва шартномаларни белгиланган тартибда тузади;
архив иши ва иш юритиш соҳасидаги халқаро, ҳукуматлараро битимлар ва шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди;
архив иши ва иш юритиш ҳолатини таҳлил қилади, қонунийлик ва тенденцияларини ўрганади ҳамда уларни ривожлантириш йўналишларини белгилайди;
архив иши ва иш юритиш соҳасидаги қонунчиликка риоя қилиш ва ҳуқуқий муносабатлар масалалари бўйича оммавий ахборот воситалари орқали ахборот-тушунтириш ишларини олиб боради;
архив иши ва иш юритиш соҳасида назоратни амалга оширади ҳамда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этишга ва уларнинг юзага келишига сабаб бўладиган шарт-шароитларнинг олдини олиш бўйича тегишли баённомалар тузади ва судларга киритади;
МАФга тегишли алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатларнинг суғурта фонди марказлаштирилган ҳолда сақланишини ташкил этади;
ҳужжатлар шаклланиши жараёни ва ҳужжатлар айланиши ҳажми мониторингини олиб боради;
давлат архивларида архив ҳужжатларини махфийликдан чиқариш ишларини ташкил этади;
архив иши сохасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузади;
давлат архивлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг ягона нархномасини тасдиқлайди;
б) Миллий архив фондининг ҳужжатларини жамлаш, уларнинг сақланишини, давлат ҳисобига олинишини таъминлаш ва улардан кенг фойдаланиш соҳасида:
МАФ ҳужжатлари давлат рўйхатига олинишини ташкил қилади ва Давлат каталогини юритади;
МАФ ҳужжатларини доимий сақлайдиган архивлар ва ташкилотларга рўйхатга олиш гувоҳномаларини беради;
МАФ ноёб ҳужжатлари Давлат реестрини юритади;
архив ҳужжатлари давлат архивларига топширилиши лозим бўлган ташкилотларнинг рўйхатини тузиш тартибини белгилайди;
ҳужжатларни республика ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган архив фондлари таркибига киритиш, республика аҳамиятига эга бўлган фондларни давлат архивларида тўплаш, шунингдек республика миқёсидаги ҳужжатларни давлат архивларига бериш ва аксинча масалаларини ҳал қилади;
давлат мулкида бўлган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи нусхаларини, шунингдек МАФнинг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган архив ҳужжатларини ёки уларнинг ўрнини босувчи нусхаларини вақтинча олиб чиқишга рухсатномалар беради;
МАФнинг давлатга тегишли бўлмаган қисми ҳужжатларини, шунингдек, фуқароларда сақланаётган қадимий ҳужжатлар, китоблар, қўлёзмалар ва бошқа материалларни сотиб олиш юзасидан давлатнинг имтиёзли ҳуқуқини амалга оширади, бу борада тизимдаги ҳудудий бошқармалар ва давлат архивларига кўмаклашади;
в) давлат архивларини бошқариш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш соҳасида:
давлат архивлари фаолиятини бошқаришни амалга оширади, уларнинг тузилмасини такомиллаштириш ва тармоқни ривожлантириш ишларини ташкил этади ва олиб боради;
архив иши ва иш юритишни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, республикада соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, йиғма йиллик ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади;
идоравий архивлар тармоғини ривожлантириш ва ишини ташкил этиш бўйича тадбирларда иштирок этади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларда архив иши ва иш юритишнинг ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;
архив иши ва иш юритиш соҳасида қонун ҳужжатларини амалга оширишда ягона ёндашувни таъминлайди;
идоравий архивларнинг архив хизматлари ишига, республика миқёсидаги давлат органлари иш юритишида ҳужжатларнинг ташкил этилишига тармоқлараро ташкилий-методик раҳбарликни ва назоратни амалга оширади;
архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ишлари ташкил этилишини, ҳужжатлар сақланиши, кўрсатилган архивларга берилиши ва улардан фойдаланиш бўйича белгиланган тартибга риоя этилиши устидан назорат қилади;
архивлар фаолиятини ва архивларни жамлаш манбалари билан ишлаш ҳолатини ҳамда архивлар, идоравий архивлар ва ташкилотларда архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланиш ишларини таҳлил қилади ва баҳолайди;
архив иши ва иш юритиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровлари ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этади, хориждан келган сўровлар ижросини таъминлайди;
идоравий сақлов муддати тугаган архив хужжатларининг йўқ қилинишидан аввал электрон нусхалари талаб қилиб олиниши ва сақланишини назорат қилади;
г) архив хизматларини кўрсатишда нодавлат секторини янада ривожлантириш, архив иши соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шарт-шароитлар яратиш соҳасида:
нодавлат архивлар тармоғини кенгайтиради, бу борада давлат-хусусий шериклик тизимининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантиради, уларнинг фаолияти устидан методик раҳбарликни амалга оширади;
нодавлат архивлари эгаларига уларнинг ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланишда кўмаклашади;
хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган нодавлат архивларни методик таъминлайди;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини, соҳанинг ўз ваколати соҳасига кирувчи устувор йўналишларини ишлаб чиқади;
нодавлат архивларига давлат архивларининг асосий жамлаш манбаига кирмаган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган ҳужжатларга илмий-техник ишлов бериш, ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва тартибга келтириш ҳуқуқини берувчи Касбий компетентлик тўғрисида гувоҳнома беради;
д) архившунослик, археография, иш юритиш, электрон ҳужжат айланиши соҳасида илмий-методик ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларини республика архивлари амалиётига жорий этиш соҳасида:
архившунослик, археография, ҳужжатшунослик бўйича илмий-методик ишларни ташкил этади ва уларни мувофиқлаштиради ҳамда илмий-тадқиқот ва илмий-техника ютуқларини республика архивлари амалиётига татбиқ этади;
архив иши ва иш юритиш соҳасида юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ўзаро муносабатларни уларнинг республика ва маҳаллий даражадаги фаолияти учун тенг шарт-шароитлар яратиш йўли билан мувофиқлаштириб боради, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;
архив ҳужжатларидан фойдаланиш самарадорлиги ва архив ахборотига бўлган давлат ва жамият эҳтиёжларини ўрганиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;
МАФ ҳужжатлари таркиби ва мазмунига оид ахборотлар қидирувини таъминлаш учун маълумотлар базаларини, шунингдек, анъанавий тарздаги архив маълумотларини яратишни ташкил қилади;
архив ишида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва қўллашни амалга оширади;
давлат архивларида ахборот ресурсларини, шу жумладан, электрон МАФ ва бошқа архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва фойдаланиш ишларини ташкил этади;
электрон ҳужжатларни сақлаш тизимлари ва электрон ҳужжат айланиши тизимларига намунавий функционал талабларни белгилайди;
ҳужжатларнинг, шу жумладан давлат ахборот ресурсларининг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ҳамда уларни доимий сақлаш учун давлат архивларига, шу жумладан, электрон архивларга танлаб олишни ташкил қилади;
давлат архивларида МАФга доир ахборот ресурслари ва электрон ҳужжатларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашни ташкил қилади;
электрон архивларни юритиш методикасини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
е) замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда архив иши ва иш юритиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш тизимини шакллантириш соҳасида:
архивлар, идоравий архивлар ва ташкилотлар ходимларининг архив иши ва иш юритиш бўйича малакасини оширишни ташкил этади;
архив иши ва иш юритиш соҳасида мутахассисларни сифатли тайёрлаш борасида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига кўмаклашади;
халқаро молиявий институтларнинг, хорижий давлатларнинг архив иши ва иш юритишни ривожлантириш учун ажратилган грантларидан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилайди;
архив иши ва иш юритишни ривожлантиришга инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ташкилий ишларни олиб боради;
ж) архив иши ва иш юритиш соҳасида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш соҳасида:
хорижий архив муассасалари, халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан архив ҳужжатлари ва уларнинг нусхалари халқаро алмашинувини амалга оширади, архив иши ва иш юритиш соҳасида чет эл тажрибасини ўрганиш ва улардан фойдаланилишини ташкил қилади;
Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини ўз ваколати доирасида таъминлайди;
миллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда хорижий давлатларда сақланаётган, мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид архив ҳужжатларини аниқлашни, уларнинг маълумотлар базасини яратиш ва уни мунтазам янгилаб боришни, шунингдек, мазкур ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини, фото ва видео тасвирларини олиб келишни таъминлайди;
фаолият йўналиши бўйича хорижий давлатлардаги музей ва фондлар, архивлар, илмий-маданий муассасалар билан ўзаро маданий алоқаларни йўлга қўяди, турли анжуманлар, конференция ва кўргазмалар ташкил этади;
хорижий давлатларда сақланаётган архив ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини юртимизга қайтариш юзасидан музокаралар олиб боради ва зарур чора-тадбирлар кўради, бу борада халқаро миқёсдаги илғор тажрибани ўрганади ва амалиётга жорий этади;
республика ташқарисидаги архив ҳужжатларини қайтариш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади ва белгиланган тартибда киритади, чет элларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатларини аниқлаш, уларни ёки уларнинг нусхаларини сотиб олишни ташкил этади;
республикадаги ҳамда хориждаги мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид архив ҳужжатларини оммавий ахборот воситаларида, жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритишни, улар ҳақидаги библиографик маълумотлар, каталоглар, китоб-албомлар ва бошқа матбаа маҳсулотларини нашр этиб боришни таъминлайди.
Агентлик қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3. Агентлик марказий аппарати таркибий тузилмалари, ҳудудий ва таркибий тузилмаларининг функциялари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, «Ўзархив» агентлиги директори томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган низомлар ва уставлар билан белгиланади.
