АГEНТЛИК ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 20 сентябрдаги ПФ-5834-сон Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон Фармонига асосан Агентлик буйсунуви Адлия вазирлиги ҳузурига ўтказилган.
Ўзбекистонда архив иши узоқ тарихга эга бўлиб, унинг шаклланиш ва ривожланиш жараёнини шартли равишда уч даврга бўлиш мумкин:
1) Мустақилликкача бўлган давр (1919–1991),
2) Мустақилликнинг илк йигирма йили (1991–2010),
3) Рақамлаштириш ва ислоҳотлар даври (2010–ҳозирги вақт).
Ўзбекистонда архив иши расман 1919 йил 5 ноябрда Туркистон ССР Халқ Комиссарлар Кенгаши қарори билан ташкил этилган. Бу даврда архивлар совет идеологиясига хизмат қилувчи марказлашган тизим бўлган. 1930 йилда Ўзбекистонда Архив ишлари бош бошқармаси тузилди ва 1941 йилга келиб 14 та давлат архиви фаолият юритар эди. Бу даврда ҳужжатларнинг аксар қисми давлат ва партия органларига тегишли бўлиб, фуқаролик жамиятига оид маълумотлар чекланган ҳолда сақланган.
Мустақилликдан сўнг 1999 йил 15 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан “Архивлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бу ҳужжат асосида “Ўзбекистон Давлат архив фонди” ўрнига “Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди” (ЎзР МАФ) ташкил этилди. 2004 йил 3 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди 2010 йил 15 июнда “Архив иши тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2009-2014 йилларда давлат архивлари учун 20 тадан ортиқ махсус янги бинолар қурилди, 5 та йирик архивларнинг бинолари тўлиқ реконструкция қилинди.
Ўзбекистон архив соҳаси сўнгги етти йилда қатор ислоҳотларни амалга оширди. Ушбу ислоҳотлар архив ҳужжатларидан фойдаланиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга қаратилган. Энг муҳим ислоҳотлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5834-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4463-сон қарори асосида мамлакатда ягона давлат архив тизимининг ташкил этилиши бўлди. Барча архив муассасалари, яъни миллий архивлар, давлат архивлари ва шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларининг ягона давлат органи томонидан бошқаруви остида бирлаштирилиши архив фойдаланувчиларига, изланувчиларга, тадқиқотчиларга архив ҳужжатларига киришни осонлаштирди, шунингдек, архив ҳужжатларини бошқариш ва сақлашни такомиллаштириш ва яхшилашга ёрдам берди. Архив соҳасида давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш ишлари амалга оширилиши натижасида давлат хизматларини ҳажми ошди ва уларни кўрсатиш вақтини қисқартиришга эришилди. 2019-2025 йилларда 14 та янги архив биноси фойдаланишга топширилди ва 2 та архив рекострукция қилинди. 2025 йилга келиб, «Ўзархив» агентлиги тизимида 3 та Ўзбекистон Миллий архивлари, 14 та архив иши ҳудудий бошқармаси ва улар тизимида 101 та вилоят, шаҳар, туман давлат архивлари ҳамда 106 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолият кўрсатмоқда
2017-2025 йилларда архив иши ва иш юритишни такомиллаштиришга қаратилган 18 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди, хусусан, 1 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 2 та қарори, 14 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.
