«Заковат» интеллектуал ўйини бўйича вазирлик ва идоралар ўртасида «ЎЗАРХИВ» АГEНТЛИГИ КУБОГИ” ўйини бўлиб ўтди
2025-10-28 15:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-96-сон қарори ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикасида Архив тизими ташкил этилганлигининг 106 йиллиги муносабати билан Вазирлик, идоралар ва «Ўзархив» агентлиги тизимидаги Архив иши ҳудудий бошқармалари ва Миллий архивлар ходимлари иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйинлари бўйича «Ўзархив» агентлиги кубоги ўтказилди.
1919 йил 5 ноябрда Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси “Туркистон АССРда архив ишларини қайта ташкил этиш ва марказлаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши архив ҳужжатларини махсус муассаса томонидан тартибда жамлаш ва сақлаш учун замин яратди. Мамлакатда архив ишини ташкил этишда туб ўзгаришлар амалга оширилди: собиқ давлат идоралари архивларини идоравий архив сифатида тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва илмий, тарихий, маданий ва маърифий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар давлат мулки деб эълон қилинди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий Архив Фонди ҳужжатларини жамлаш, сақлаш, ҳисобини олиб бориш ва улардан фойдаланиш борасида муҳим вазифаларни бажариб келмоқда.
Вазирлик, идоралар ва «Ўзархив» агентлиги тизимидаги Архив иши ҳудудий бошқармалари ва Миллий архивлардан жами 40 дан ортиқ жамоа «Заковат» интеллектуал ўйинлари бўйича «Ўзархив» агентлиги кубоги учун беллашдилар.
Заковат ўйини ҳар бири 12 та саволдан иборат бўлган 2 та турда жами 24 та саволдан иборат бўлди. Жамоанинг ҳар бир саволга берилган тўғри жавоб учун бир баллдан берилди. Ўйинда энг кўп балл олган жамоалар ғолиб сифатида топилди.
1-ўрин Озбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
2-ўрин Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси
3-ўрин Ўзбекистон Тарихи телеканали эгалладилар.
Заковат ўйинида ғолиб бўлган жамоалар эгаллаган ўрнига мос равишда «Ўзархив» агентлиги томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбирни ёритишда яқиндан ёрдам берган оммавий ахборот воситалари вакилларига «Ўзархив» агентлиги томонидан миннатдорлик билдирилади.









