“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!ʼʼ шиори остида "Янги Ўзбекистонни суратларда кашф этамиз" номли фотокўргазма ташкил этилди
2025-08-29 13:00:00 / Янгиликлар

“Ўзбекистонни суратларда кашф этамиз!” – Мустақиллик байрамига бағишланган тарихий-фото кўргазма
2025 йил 29 август куни Тошкент шаҳридаги Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишлаб, “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғояси асосида ташкил этилган “Ўзбекистонни суратларда кашф этамиз!” номли кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Тошкент Фотосуратлар уйи ҳамда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазманинг очилиш маросимида «Ўзархив» агентлиги раҳбари У. М. Юсупов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази директори Қ. Қ. Собиров, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А. В. Нуриддинов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари А. Кўчимов сўзга чиқиб, мустақилликнинг маънавий, тарихий ва маданий аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Улар бу каби тадбирлар миллий хотирани асраш, ёш авлодда юртга муҳаббат туйғусини мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Кўргазмада Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви фондида сақланаётган тарихий фотосуратлар асосида халқимизнинг шонли ва муросасиз йўли намоён этилди.
- Намойиш этилган суратлар қуйидаги тарихий босқичларни қамраб олди:
- Бухоро ва Хива хонликлари даври,
- Туркистон озодлик ҳаракатлари ва жадидлар фаолияти,
- Бухоро ва Хива халқ республикалари, Туркистон мухторияти тарихи,
- Мустамлака даври ва мустақиллик сари олиб борилган ҳаракатлар,
- 1991 йил 1 сентябрь – Давлат мустақиллигининг эълон қилиниши,
- Янги Ўзбекистон тараққиётининг замонавий босқичлари.
Ҳар бир сурат ўзбек халқининг жасорати, миллий онгининг уйғониши, истиқлол сари интилиши ва бугунги ютуқларининг ёрқин гувоҳидир. Кўргазмада тақдим этилган фотоархив материаллари Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган воқеаларни ёритиш баробарида, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўлида амалга оширилган ислоҳотларни ҳам акс эттирди. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт даражасини, халқимизнинг фидокорона меҳнатини, ижтимоий-иқтисодий ва маданий юксалишини яққол кўрсатиб берди.
Тадбирни ёритишда фаол иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакилларига «Ўзархив» агентлиги томонидан алоҳида миннатдорчилик билдирилди.









