Жорий йил 24 апрель куни Бухоро шаҳрида “Ўзбекистон - Озарбайжон алоқалари фото ҳужжатларда” китоб-альбоми” тақдимоти ва “Ўзбекистон ва Озарбайжон икки қардош халқ” мавзусидаги архив ҳужжатлари кўргазмаси халқаро тадбири ўтказилди.
2025-04-24 14:00:00 / Янгиликлар

Жорий йил 24 апрель куни Бухоро шаҳрида “Ўзбекистон - Озарбайжон алоқалари фото ҳужжатларда” китоб-альбоми” тақдимоти ва “Ўзбекистон ва Озарбайжон икки қардош халқ” мавзусидаги архив ҳужжатлари кўргазмаси халқаро тадбири ўтказилди.
Тадбирда «Ўзархив» агентлиги раҳбарияти, Озарбайжон Миллий архив бошқармаси халқаро делегацияси вакиллари иштирок этдилар.
Дастлаб Ўзбекистон ва Озарбайжон маданиятини акс эттирувчи саҳна чиқишлари намойиш этилди. “Ўзбекистон ва Озарбайжон икки қардош халқ” мавзусидаги архив ҳужжатлари кўргазмасида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамда Озарбайжон Миллий архиви сақловида мавжуд бўлган 1930-2023 йиллар мобайнидаги даврни ўз ичига олган икки давлатнинг маданий-гуманитар муносабатларига оид 50 дан ортиқ архив фото ҳужжатлар ва уларнинг илмий-маълумот тавсифлари тақдим этилди. Кўргазмада Ўзбекистон вакилларининг Озарбайжон давлатига ҳамда Озарбайжон вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи, иқтисодиёт, илм-фан, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик, икки халқларнинг адабиёт ва санъат кунлари акс этган ҳужжатлар ташриф буюрувчиларда алоҳида таассурот қолдирди.
Кўргазмадан сўнг, “Ўзбекистон - Озарбайжон алоқалари фото ҳужжатларда” китоб-альбоми” тақдимоти ўтказилди. Халқаро тадбирни Улуғбек Мирталибович Юсупов «Ўзархив» агентлиги директори очиб берди. Тадбирда Расулов Аскер Одил ўғли - Озарбайжон Миллий архив бошқармаси бошлиғи, Акиф Марифли - Ўзбекистондаги Озарбайжон Элчихонаси ҳузуридаги Ҳейдар Алиев номидаги Маданият Маркази директори, тарих бўйича фалсафа доктори, Роберт Валиевич Алмеев - PhD/02/09.07.2020.tar.70.03. Ўзбекистон давлат тарих музейи ҳузуридаги илмий даражалар бериш бойида илмий Кенгаш аъзоси, Каримулла Маммадзад - Маданият Маркази инспектори, филология бўйича фалсафа доктори, Ҳалим Тўраев – Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори, Феруз Бафоев – Бухоро техника университети доценти, сиёсий фанлар номзодлари сўзга чиқдилар.
“Ўзбекистон - Озарбайжон алоқалари архив фото ҳужжатларида” китоб-альбомига Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамда Озарбайжон Миллий архиви сақловида мавжуд бўлган 1930-2023 йиллар мобайнидаги даврни ўз ичига олган икки давлатнинг маданий-гуманитар муносабатларига оид 250 га яқин архив фото ҳужжатлар ва уларнинг илмий-маълумот тавсифлари киритилган.
Маълумот учун: Тошкент шаҳрида 2022 йил 20 июнда «Ўзархив» агентлиги билан Озарбайжон Республикаси Миллий архив бошқармаси ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим “Ўзбекистон - Озарбайжон бизнес-форуми”да имзоланган ва Битим натижаси ўлароқ Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ, тенглик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилига таянган ҳолда архив иши соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилди, архив ҳужжатлари билан алмашилган. Ўтган давр мобайнида икки давлатлар архивларида сақланаётган архив фото ҳужжатлари асосида “Ўзбекистон-Озарбайжон алоқалари фото ҳужжатларда” китоб-альбоми тайёрланди. Анқара шаҳрида 2025 йил 29 январда икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан “Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича Комплекс тадбирлар дастури” имзоланди. Айнан шу дастурда мазкур китобнинг тақдимоти Бухоро ва Боку шаҳарларида 2025 йилда ўтказилиши белгиланди.
Китоб-альбомларнинг катта бир қисми Озарбайжон Республикаси Миллий архивига равишда топширилди.
Асосий тадбирлар доирасида Озарбайжон Республикаси Миллий архив бошқармаси Бошқарма раиси Аскер Расулов бошчилигидаги делегация Бухоро шаҳридаги ННТ ва Дўстлик уйида жойлашган Озарбайжон миллий-маданий маркази Бухоро вилояти бўлимига ҳамда Бухоро вилояти давлат архивига ташриф буюришди.
Хорижий делегация аъзоларига Бухоро шаҳридаги маданий мерос объектларига сайёҳлик ташрифи уюштирди.
Тадбирда «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон миллий архивлари раҳбарлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар иштирок этдилар.
Тадбирни ёритишда яқиндан ёрдам берган оммавий ахборот воситалари вакилларига «Ўзархив» агентлиги томонидан миннатдорлик билдирилади.









