Бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар
2025-02-11 09:25:00 / Бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари, номзодларга қўйиладиган талаблар ва тақдим қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
“Ўзархив” агентлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар, тизимдаги ташкилотлардаги Давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш учун танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 3-октабрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5843-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги (кейинги ўринларда – “Ўзархив” агентлиги) тизимидаги вакант лавозимларга ишга қабул қилиш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказиш жараёнида шаффофликни таъминлаш, илғор халқаро стандартларга мувофиқ махсус электрон дастур асосида талабгор фуқаролар ва тизимда фаолият юритаётган ходимларининг барчасига тенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда саралаб олиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Тартиб қоидалари қуйидаги лавозимларга татбиқ этилмайди:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ёки улар билан келишиладиган лавозимлар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса;
Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш (мутахассис ходимлар), техник ва хизмат кўрсатувчи тоифадаги лавозимлар.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
вакант лавозим – Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрида мавжуд эгалланмаган лавозим;
номзод – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали”да (кейинги ўринларда – Портал) вакант лавозимни эгаллаш бўйича номзод сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.
4. Танлов меритократия, очиқлик, муқобиллик ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказилади.
2-боб. Танлов турлари
5. Вакант лавозимларини эгаллаш Портал орқали ўтказиладиган ички ва ташқи танловлар асосида амалга оширилади.
Ички танловларда “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимида фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчилари, ташқи танловларда эса тегишли малака талабига жавоб берадиган барча номзодлар иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
6. Ички танловлар вакант лавозим вужудга келган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида эълон қилинади.
Ички танловлар натижасида танлов ғолиби аниқланмаган ёки вакант лавозим вужудга келган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ички танлов эълон қилинмаган тақдирда, ушбу вакант лавозим бўйича ташқи танлов эълон қилинади.
Битта вакант лавозим учун бир мартадан ортиқ ички танлов ўтказишга йўл қўйилмайди.
“Ўзархив” агентлиги тизимидаги бошланғич лавозимларни эгаллаш фақат ташқи танловлар асосида амалга оширилади.
3-боб. Танловни ташкил қилиш
7. Порталдаги вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар автоматик «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида шаклланади.
Вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар Порталга жойлаштирилган сана мазкур лавозимни эгаллаш бўйича танлов эълон қилинган кун деб ҳисобланади.
8. Танлов қуйидаги босқичлар асосида ташкил этилади:
биринчи босқич – танлов ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;
иккинчи босқич – номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва саралаш;
учинчи босқич – номзодларнинг билимини тест синовидан ўтказиш;
тўртинчи босқич – номзодлар билан суҳбат ўтказиш.
Танловларда номзодлар сони уч нафар ва ундан кам бўлган ҳолларда давлат органи томонидан танловнинг учинчи босқичи ўтказилмаслиги мумкин.
9. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон “Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдагиташкилотининг расмий веб-сайтида, ижтимоий тармоқларида жойлаштирилади.
Шунингдек, мазкур эълон даврий нашрларда ҳам жойлаштирилиши мумкин.
Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидагилар кўрсатилади:
ўтказилаётган танлов тури;
вакант лавозим номи ва унга қўйиладиган малака талаблари;
лавозим мажбуриятлари;
лавозим маоши;
меҳнат шароитларига оид маълумотлар.
Лавозимларнинг айрим тоифалари учун қўшимча талаблар мавжуд бўлган тақдирда, эълонга бу ҳақда маълумот киритилади.
10. Танловда иштирок этиш бўйича номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш муддати танлов эълон қилинган кундан бошлаб беш календар кунни ташкил қилади. Ташқи танловлар бўйича ҳужжатларни қабул қилиш муддати ўн календар кунгача узайтирилиши мумкин.
Танловда иштирок этиш бўйича ҳужжатлар келиб тушмаган тақдирда, ушбу лавозим бўйича қайта танлов автоматик тарзда эълон қилиниб, ҳужжатларни қабул қилиш муддати беш календар кунга узайтирилади.
Танловнинг барча босқичлари танловда иштирок этиш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугаган кундан бошлаб йигирма иш куни мобайнида ўтказилиши лозим.
Номзодга бир вақтнинг ўзида битта давлат органининг биттадан ортиқ бўлмаган вакант лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
Номзодлар томонидан танловда иштирок этиш бўйича танлов натижасига таъсир қиладиган ёлғон маълумотлар (ҳужжатда йўл қўйилган техник хатолик ёки бошқа камчиликлар бундан мустасно) тақдим этилганлиги аниқланиши уларни танловдан четлатиш ёки танлов натижаларини бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади.
14. Танловда “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 28-моддасида белгиланган давлат фуқаролик хизматига қабул қилиниши мумкин бўлмаган шахслардан бошқа барча шахслар иштирок этиши мумкин.
15. “Ўзархив” агентлигида танловларни ўтказиш учун беш нафардан етти нафаргача аъзодан, вилоят, туман (шаҳар) даражасидаги тизим ташкилотларида эса уч нафардан беш нафаргача аъзодан иборат Танловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш комиссияси (кейинги ўринларда – Танлов комиссияси) тузилади.
Танлов комиссиясининг таркиби “Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдаги ташкилотлари раҳбари қарори билан тасдиқланади.
танлов ўтказилаётган “Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдаги ташкилотлари раҳбари (раҳбар ўринбосарлари) – танлов комиссиясининг раиси ҳисобланади.
Танлов комиссияси таркибига қоида тариқасида:
“Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдагиташкилотининг вакант лавозимига танлов эълон қилинган таркибий бўлинмаси раҳбари;
“Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдагиташкилотининг инсон ресурслари бўйича раҳбари ёки кадрлар бўлинмаси масъул (ходими);
“Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдагиташкилотининг юридик хизмати раҳбари (ходими) киритилади;
Қонунчилик ҳужжатларида лавозимга тайинлашда номзодни тегишли маҳаллий ҳокимлик, вазирлик ёки идора билан келишиш белгиланган бўлса, Танлов комиссияси таркибига мазкур ҳокимлик, вазирлик ёки идоранинг масъул вакили ҳам киритилади.
Танлов комиссияси таркибига “Ўзархив” агентлиги, таълим муассасалари ҳамда вакант лавозимнинг хусусиятидан келиб чиқиб, бошқа мутахассислар ҳам киритилиши мумкин.
“Ўзархив” агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан доимий равишда Танлов комиссия аъзоларининг малакаси ошириб борилади.
Танлов ўтказилиши давомида танлов қоидаларини бузган ҳамда қарор қабул қилишда холисликни таъминлай олмаган Танлов комиссияси аъзоси Агентлик томонидан комиссия таркибидан чиқариб юборилиши мумкин.
16. Танлов комиссияси ўз фаолиятини коллегиаллик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, қонунийлик ва бетарафлик тамойиллари асосида амалга оширади.
17. Танлов ўтказилаётган “Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдаги ташкилотининг Инсон ресурслари бўйича бош мутахассис ёки кадрлар масаласи бўйича иш юритишга масъул танлов комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда – ишчи орган) ҳисобланади.
Танловда иштирок этиш учун номзодларни саралаш
18. Танлов унда иштирок этиш учун камида иккита номзоддан ҳужжатлар келиб тушган тақдирда ўтказилади.
19. Танлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугаган кундан эътиборан беш иш куни ичида номзодларнинг вакант лавозим учун белгиланган малака талабларига мослигини ўрганиб чиқади ва ушбу муддат ичида ишчи орган томонидан ўрганиш натижаси бўйича номзодларнинг Порталдаги шахсий кабинетларига хабар юборади.
Номзод малака талабларига мос эмас деб топилган тақдирда, Порталдаги шахсий кабинетга юбориладиган хабарда унинг асослари кўрсатилади.
Ишчи орган танлов босқичлари ўтказилиши бўйича маълумотларни номзодларнинг Порталдаги шахсий кабинетларига танлов босқичлари ўтказилиши бошланишидан камида йигирма тўрт соат олдин юборилишини таъминлайди.
20. Танлов ўтказишда ошкоралик ва холисликни таъминлаш мақсадида учинчи ва тўртинчи босқичлар видеоёзув орқали ёзиб олинади ҳамда “Ўзархив” агентлиги томонидан олти ой давомида сақланади.
21. Номзодлар танлов босқичлари натижалари ва ўтказилиши бўйича маълумотларни Порталдаги шахсий кабинети орқали кузатиб боради.
Танлов босқичлари ўтказилиши тўғрисида ўрнатилган тартибда Порталдаги шахсий кабинет орқали хабардор қилинган, лекин унда иштирок этмаган номзодлар танловдан четлаштирилади.
5-боб. Тест синовларини ўтказиш
22. Тест синовлари номзодларнинг билим ва малакасини баҳолаш мақсадида Агентликнинг Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизими орқали ўтказилади.
23. Тест синовлари давлат тилида ўтказилади.
24. Тест синовлари ишчи орган томонидан “Ўзархив” агентлиги ёки Агентликнинг махсус жиҳозланган хонасида ўтказилади.
25. Тест синовларини ўтказиш жараёнида номзодларга қуйидагилар тақиқланади:
алоқа ва телекоммуникация воситалари (телефон, компьютер, планшет ва бошқалар), китоб ҳамда шпаргалкалардан фойдаланиш;
бошқа номзодлар билан суҳбатлашиш;
тест синовлари тугамасдан хонадан ташқарига чиқиш.
Мазкур талабларни бузган номзод ишчи орган томонидан далолатнома тузилган ҳолда танловдан четлаштирилади.
26. Номзод томонидан тест синовлари натижасида камида 60 балл тўпланиши, унинг танловнинг кейинги босқичига ўтиши учун асос бўлади.
27. Тест синовлари натижалари автоматик равишда номзоднинг Порталдаги шахсий кабинетига юборилади.
28. Тест синовларини ижобий топшира олмаган номзодлар ушбу Низомда белгиланган тартибда эълон қилинган янги танловда қатнашиши мумкин.
6-боб. Суҳбат ўтказиш
29. Суҳбат номзоднинг интеллектуал салоҳияти, маънавий фазилатлари ҳамда касбий маҳоратини баҳолаш мақсадида ўтказилади.
Суҳбат интервю ёки тақдимот (кейс-стади, топшириқ) каби усуллар асосида амалга оширилади.
30. Суҳбат Танлов комиссияси томонидан ўтказилади. Суҳбатда Танлов комиссияси аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
Агар танлов комиссияси аъзоси суҳбатдан ўтаётган шахснинг яқин қариндоши бўлса ёки суҳбат натижасидан бевосита манфаатдор бўлса ёҳуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, аъзо ўзини ўзи рад этиши шарт. Мазкур тартибга риоя қилмаслик танлов натижаларини бекор қилишга асос бўлади.
“Ўзархив” агентлиги томонидан айрим ҳолларда (“Ўзархив” агентлигини ташкил этиш, қайта ташкил этиш) танловнинг суҳбат босқичини ўтказиш бўйича Агентлик билан келишилган ҳолда Махсус комиссия тузилиши мумкин.
31. Қонунчилик ҳужжатларида лавозимга тайинлашда номзодни тегишли маҳаллий ҳокимлик, вазирлик ёки идора билан келишиш белгиланган лавозимлар бўйича Танлов комиссияси таркибига масъул вакили киритилган маҳаллий ҳокимлик, вазирлик ёки идорага Ишчи орган томонидан суҳбат ўтказиладиган кундан камида уч иш куни олдин хабардор қилиниши шарт.
32. Суҳбатнинг интервю усулида ҳар бир номзодга соҳа бўйича билим савияси, шахсий ва касбий компетенсияси, умумий дунёқараши ҳамда вакант лавозим учун мослигини аниқлашга қаратилган бешта савол (топшириқ) тасодифий танлаш (автоматик генерация) орқали берилади. Асосий саволлардан сўнг берилган жавобларни аниқлаштириш мақсадида кўпи билан бешта қўшимча савол бериши мумкин.
Саволлар (топшириқлар) “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизим ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилиб, давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
33. Суҳбатнинг тақдимот усулида ишчи орган томонидан суҳбат ўтказиш кунидан уч кун олдин номзодларнинг Порталдаги шахсий кабинетига тақдимот (топшириқ) мавзулари юборилади.
Суҳбат давомида номзод берилган мавзулардан бири бўйича тақдимот қилиб беради. Тақдимотдан сўнг Танлов комиссияси аъзолари ҳар бир номзоднинг тақдимот мавзуси доирасида аниқлаштириш мақсадида кўпи билан бешта қўшимча савол бериши мумкин.
34. Номзодларни баҳолаш учун ҳар бир Танлов комиссияси аъзосига Порталда шахсий кабинет очилади.
Танлов комиссияси аъзолари ҳар бир номзод шу куннинг ўзида Порталдаги шахсий кабинети орқали онлайн тарзда номзодларни тўртта йўналишда (билим савияси, шахсий ва касбий компетенсияси, умумий дунёқараши, вакант лавозим учун мослиги) 100 баллик тизим асосида баҳолайди.
35. Суҳбат якунлари бўйича Танлов комиссияси аъзолари томонидан номзодга қўйилган балларни автоматик равишда умумлаштирилиб, якуний балл ҳисобланади.
Суҳбат натижасига кўра энг юқори якуний балл тўплаган номзод танлов ғолиби деб топилиб, Танлов комиссияси баённомаси билан тасдиқланади.
Мазкур Низомнинг 15-банди саккизинчи хатбошисида назарда тутилган масъул вакил томонидан суҳбат учун қўйилган ўртача балл 56 баллдан паст бўлган тақдирда номзод танлов ғолиби деб топилиши мумкин эмас.
Номзодларнинг баллари тенг бўлган тақдирда Танлов комиссияси раисининг хулосасига асосланиб якуний қарор қабул қилинади.
Танлов ғолиби ўз аризасига кўра меҳнат шартномасини тузишдан бош тортган тақдирда, Танлов комиссияси хулосасига асосан ҳисобланган баллга кўра навбатдаги ўринни эгаллаган номзод танлов ғолиби деб топилиши мумкин.
Танлов натижасида номзодлар 56 баллдан паст бўлган якуний балл тўплаган тақдирда, танлов ғолиби топилмаган деб ҳисобланиб, танлов қайтадан эълон қилинади.
36. Агентлик суҳбатда кузатувчи сифатида иштирок этиш учун ўз вакилини юбориш ҳуқуқига эга.
Агентликнинг вакили суҳбат ўтказиш жараёни танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш қоидаларига мос келиши, шунингдек, танлов комиссиясининг холис қарор қабул қилиши бўйича назорат олиб боради.
37. Номзодлар танлов комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда танлов натижалари бўйича комиссия қарори устидан юқори турувчи органга, Агентликка ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
38. Танлов ғолиби аниқланган кундан эътиборан беш иш куни ичида (келишиладиган лавозимлар ўрнатилган тартибда келишилганидан сўнг) “Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдаги ташкилотлари раҳбари танлов ғолиби билан меҳнат шартномасини тузади.
Ишчи орган томонидан бир кунлик муддатда Танлов комиссиясининг баённомаси ва танлов ғолиби билан тузилган меҳнат шартномаси Порталга жойлаштирилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
39. Танлов ўтказиш жараёнида ушбу Низом қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, Агентлик тегишли “Ўзархив” агентлиги марказий аппарати ва унинг тизимдаги ташкилотлари раҳбарига аниқланган қонунчилик бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ва танлов комиссиясининг қарорини бекор қилиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади.
40. Танлов комиссиясининг аъзолари ҳамда танлов жараёни иштирокчилари томонидан танлов давомида номзодлар тўғрисида олинган шахсий маълумотларни ошкор қилиш тақиқланади.
41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
