Ўзбекистон ва Исроил ўртасида архив иши соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
2026-10-19 17:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Исроил ўртасида архив иши соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Ўзбекистон Миллий архивида “Ўзархив” агентлиги ҳамда Исроил Давлат архиви раҳбариятининг икки томонлама учрашуви ва архив иши соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов, Исроил Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гидеон Лустиг, Исроил Давлат архиви бош архивчиси, делегация раҳбари Рут Аврамовиц, мазкур архивнинг юридик маслаҳатчиси Нуми Алдуби, «Ўзбекистон-Исроил» дўстлик жамияти директори, академик Саидасрор Гулямов, шунингдек, архив соҳаси мутахассислари, олимлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирни “Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати раҳбари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Анваржон Алиев олиб борди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Исроил ўртасида архив ҳужжатларини сақлаш, ўрганиш, рақамлаштириш ҳамда тарихий-маданий меросни келгуси авлодларга етказиш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, икки мамлакат архив муассасалари ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб келмоқда. Хусусан, 2021 йилда “Ўзархив” агентлиги ва Яҳудий халқи тарихи марказий архиви ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. 2022 йилда эса Ўзбекистон делегациясининг Исроилга ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи архив муассасалари фаолияти ўрганилиб, “Яд Вашем” мемориал мажмуаси архиви билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.
Мазкур ҳамкорлик архив ҳужжатлари асосида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарихий манбаларни аниқлаш ва ўрганиш, шунингдек, архив соҳасида илғор тажриба алмашиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов томонидан Ўзбекистонда архив ишини ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, архив ҳужжатларининг сақловини таъминлаш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, тарих фанлари доктори Муҳайё Исакова томонидан “Ўзбекистон — нажот юрти” мавзусида илмий тақдимот намойиш этилди. Унда Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинган аҳоли, жумладан, яҳудий миллати вакилларининг тақдири, уларни қабул қилиш ва жойлаштириш жараёнлари ҳамда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик фазилатларини акс эттирувчи тарихий архив ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди.
Мазкур йўналишдаги тадқиқотлар халқлар ўртасидаги тарихий алоқаларни чуқур ўрганиш, инсон тақдири билан боғлиқ муҳим маълумотларни илмий муомалага киритиш ва умумий тарихий хотирани асраб-авайлашда алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбирнинг энг муҳим воқеаси — “Ўзархив” агентлиги ва Исроил Давлат архиви ўртасида архив иши соҳасида ўзаро англашув меморандунининг имзоланиши бўлди.
Ҳужжатни “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов ҳамда Исроил Давлат архиви бош архивчиси Рут Аврамовиц имзолади.
Мазкур меморандум икки мамлакат архив муассасалари ўртасида институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, архив ҳужжатларини ўрганиш ва сақлаш бўйича тажриба алмашиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда архив ишига замонавий технологияларни жорий этиш учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Маросим давомида томонлар ўзаро эсдалик совғалари алмашиб, расмий суратга тушдилар.
Тадбирда Исроил Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гидеон Лустиг ҳамда “Ўзбекистон — Исроил” дўстлик жамияти раиси, академик Саидасрор Ғуломов сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, илмий-маданий алоқалар ва тарихий хотирани асраб-авайлаш борасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига эътибор қаратдилар.
Расмий учрашув якунида Исроил делегацияси аъзолари учун Ўзбекистон Миллий архиви ҳамда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви бўйлаб экскурция ташкил этилди. Меҳмонлар архивнинг тарихий ҳужжатлар фондлари, ҳужжатларни сақлаш шароитлари, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда миллий ҳужжатли меросни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
“Ўзархив” агентлиги ва Исроил Давлат архиви ўртасида имзоланган меморандум архив соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, тарихий ҳужжатларни биргаликда тадқиқ этиш ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати









