Ўзбекистон ва Корея ўртасида архив иши ва ҳужжатларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди
2026-09-30 16:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ва Корея ўртасида архив иши ва ҳужжатларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди
2026 йил 14 сентябрь куни Корея Республикасининг Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ҳамда Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазирлиги ҳузуридаги Миллий архив ўртасида архив иши ва ҳужжатларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик дўстона муносабатлар ҳамда тарихий ва маданий меросни асраш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
Мазкур Меморандум 2026 йил 14 сентябрь куни Сеул шаҳрида икки нусхада, инглиз тилида имзоланган бўлиб, имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил муддатга амал қилади.
Меморандумнинг асосий мақсади
Ҳужжатнинг асосий мақсади тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик тамойиллари асосида икки томон ўртасида архив иши, ҳужжатларни бошқариш, рақамли трансформация, рақамли сақлаш, сунъий интеллект, булутли технологиялар, архив ахборот тизимлари ҳамда электрон ҳужжатларни узоқ муддат сақлаш йўналишларида ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратишдан иборат.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари
Меморандум доирасида томонлар, жумладан:
-
архив иши ва ҳужжатларни бошқариш соҳасидаги қонунчилик, стандартлар, нашрлар ва илғор тажрибалар билан алмашади;
-
икки давлат тарихи, маданияти ва ҳужжатли меросига оид архив ҳужжатларининг рақамли нусхалари билан алмашади;
-
ўқув курслари, тренинглар, семинарлар ва малака ошириш тадбирларини ташкил этади;
-
рақамли трансформация, электрон ҳужжатларни бошқариш, рақамли ва булутли сақлаш тизимлари бўйича тажриба алмашади;
-
архив ҳужжатларини тавсифлаш, индексация қилиш ва қидиришда сунъий интеллект (АИ), ОСР ва қўлёзма матнларни автоматик таниб олиш (ҲТР) технологияларидан фойдаланиш бўйича тажриба алмашади;
-
ишончли рақамли репозиторийлар (ТДР) ва электрон ҳужжатларни узоқ муддат сақлаш масалаларини ўрганади;
-
архив ахборот тизимлари, метамаълумотлар стандартлари ва электрон архив хизматларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилади;
-
фото, кино, аудиовизуал ва овозли ҳужжатларни сақлаш, реставрация ва консервация қилиш бўйича тажриба алмашади;
-
қўшма илмий тадқиқотлар, конференциялар, семинарлар, кўргазмалар ва профессионал учрашувлар ташкил этади;
-
экспертлар алмашинуви, стажировкалар ва малака ошириш дастурларини амалга оширади;
-
архив ҳужжатлари тўпламлари, каталоглар, йўриқномалар ва илмий нашрларни биргаликда тайёрлаш имкониятларини ривожлантиради.
Меморандумни амалий жиҳатдан амалга ошириш учун томонлар масъул вакилларни белгилаши ва заруратга кўра қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этиши мумкин. Шунингдек, алоҳида тадбирларни амалга ошириш учун қўшимча ёзма келишувлар тузилиши мумкин.
Янги Меморандум нимани беради?
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Корея архив муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни замонавий йўналишлар, хусусан, рақамлаштириш, сунъий интеллект, электрон ҳужжатларни бошқариш ва рақамли сақлаш технологиялари билан бойитиш имконини беради.
Шунингдек, тарихий ҳужжатларнинг рақамли нусхалари билан алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш, илғор тажрибаларни ўрганиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳужжатли меросни замонавий технологиялар асосида асраш бўйича янги амалий имкониятлар яратилади.
Шу билан бирга, янги Меморандум кучга кириши билан 2016 йил 17 августда Тошкент шаҳрида имзоланган «Ўзархив» агентлиги ва Корея Республикасининг Миллий архивлари ўртасидаги архив иши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ўз кучини йўқотади.
Янги Меморандум Ўзбекистон ва Корея архив муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни рақамли трансформация ва инновацион технологиялар асосида ривожлантириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда икки мамлакатнинг тарихий ва ҳужжатли меросини замонавий ёндашувлар асосида асраш учун янги имкониятларни белгилаб беради.
