ЎЗБЕКИСТОН ВА ҲИНДИСТОН АРХИВ ХИЗМАТЛАРИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ БОШЛАНДИ
2026-09-10 18:00:00 / Янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҲИНДИСТОН АРХИВ ХИЗМАТЛАРИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ БОШЛАНДИ
“Ўзархив” агентлиги ва Ҳиндистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллий архив ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди
Тошкент шаҳрида 2026 йил 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Ҳиндистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллий архив ўртасида архив иши соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини архив соҳасида янада ривожлантириш, икки халқнинг тарихи, маданияти ва қадриятларига оид ҳужжатли меросни ўзаро ўрганиш ва ундан фойдаланиш учун янги имкониятлар яратади.
Энг муҳими, меморандум архивлар ўртасидаги ҳамкорликни алоҳида йўналишлар ва амалий механизмлар асосида тизимли равишда ривожлантириш учун ҳуқуқий-ташкилий асос вазифасини бажаради.
Ҳужжат алмашинуви — умумий тарихни янги манбалар асосида ўрганиш имконияти
Меморандум доирасида томонлар ўз мамлакатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ архив иши соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, архившунослик ва иш юритишга оид адабиётлар, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган архив ҳужжатлари тўпламлари билан алмашишга келишиб олдилар.
Бу, аввало, икки мамлакат тарихига оид манбаларни янада кенгроқ ўрганиш имконини беради.
Чунки тарихий жараёнлар бир давлат ҳудуди билан чекланмайди. Турли даврларга оид воқеалар, шахслар ва муносабатлар ҳақидаги ҳужжатлар бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакат архивларида сақланиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, архив ҳужжатлари билан ўзаро алмашинув тадқиқотчилар учун янги манбалар базасини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзаро архив фондларидаги тарихий манбаларни аниқлаш
Меморандумнинг яна бир муҳим йўналиши — Ўзбекистон ва Ҳиндистон миллий архив фондларида сақланаётган, икки мамлакат тарихи ва маданиятига оид ҳужжатларни аниқлаш ва ўзаро манфаатли асосда уларнинг нусхаларини тақдим этиш бўйича ҳамкорлик қилишдир.
Бу амалиёт икки мамлакатнинг умумий тарихига оид ҳужжатларни излаш, аниқлаш, ўрганиш ва илмий муомалага киритиш жараёнини сезиларли даражада бойитиши мумкин.
Айниқса, хорижий архивларда Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ ҳужжатларни аниқлаш ва уларнинг нусхаларини мамлакатимиз тадқиқотчилари учун тақдим этиш миллий тарихни янада кенг ва холис манбалар асосида ўрганиш имконини яратади.
Тадқиқотчилар учун янги имкониятлар
Меморандумда икки мамлакат тадқиқотчиларига давлат архивларида сақланаётган ҳужжатли меросни ўрганиш бўйича илмий изланишларда кўмаклашиш ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, ҳар бир иштирокчи ўз миллий қонунчилигига мувофиқ бошқа томон тадқиқотчиларига архив материаллари, илмий-ахборот аппарати ҳамда эълон қилинган ва эълон қилинмаган ахборот материалларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиши белгиланган.
Бу эса архивларнинг фақат ҳужжат сақловчи муассаса эмас, балки илмий тадқиқотлар учун очиқ манба ва халқаро илмий ҳамкорлик майдони сифатидаги ролини кучайтиради.
Нодир ҳужжатларни сақлаш ва консервация: тажриба бирлаштирилади
Меморандум архив ҳужжатларини сақлаш ва консервация қилиш соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва биргаликда илмий мақолалар чоп этиш имконини ҳам назарда тутади.
Шунингдек, томонлар ўзаро келишилган ва қизиқиш уйғотадиган мавзулар бўйича қўшма илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва мастер-класслар, жумладан, онлайн форматда вебинарлар ўтказишга келишиб олдилар.
Бундай ҳамкорлик архив ҳужжатларини сақлашнинг замонавий усулларини ўрганиш, мутахассислар ўртасида амалий тажриба алмашиш ва илмий салоҳиятни ошириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Рақамлаштириш ва замонавий технологиялар — ҳамкорликнинг муҳим йўналиши
Бугунги архив соҳасини рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Шу боис меморандумда архив соҳасида қўлланиладиган илғор технологияларни ўрганиш ва жорий этиш, архив ҳужжатларини таъмирлаш ва реставрация қилиш амалиёти, шунингдек, электрон архив тизимини ташкил этиш тажрибаси бўйича билим ва тажриба алмашиш ҳам назарда тутилган.
Бу йўналишнинг аҳамияти шундаки, рақамлаштириш нафақат ҳужжатдан фойдаланишни енгиллаштиради, балки унинг асл нусхасини асраб қолиш, ахборотдан масофадан туриб фойдаланиш ва тарихий меросни келажак авлодларга етказиш имкониятларини кенгайтиради.
Меморандум нимани беради?
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Ҳиндистон архив хизматлари ўртасида имзоланган мазкур ҳужжат қуйидаги муҳим натижалар учун замин яратади:
-
икки мамлакат тарихига оид архив ҳужжатларини биргаликда аниқлаш ва ўрганиш;
-
архив ҳужжатлари нусхалари ва соҳавий ахборот материаллари билан алмашиш;
-
тадқиқотчилар учун хорижий архив манбаларига кириш имкониятларини кенгайтириш;
-
архив ҳужжатларини сақлаш ва консервация қилиш бўйича қўшма тадқиқотлар олиб бориш;
-
илмий мақолалар ва бошқа тадқиқот натижаларини биргаликда нашр этиш;
-
конференция, семинар, мастер-класс ва вебинарлар ўтказиш;
-
рақамлаштириш, реставрация ва электрон архив тизимларини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш;
-
икки мамлакат архив мутахассислари ўртасида доимий профессионал алоқаларни кучайтириш.
Шундай қилиб, мазкур Англашув меморандуми Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги архив соҳасидаги ҳамкорликни ҳужжат алмашинувидан илмий тадқиқотлар, рақамлаштириш, мутахассислар тажрибаси ва тарихий меросни биргаликда асрашгача бўлган кенг қамровли ҳамкорлик тизимига айлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Меморандум 2026 йил 30 август куни Тошкент шаҳрида ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларида икки нусхада имзоланган бўлиб, матнлар тенг юридик кучга эга. Ҳужжат халқаро шартнома ҳисобланмаслиги ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар юзага келтирмаслиги ҳам белгиланган.
“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати
