“ЯГОНА ВАТАН МАДҲИ” — «ЎЗАРХИВ» АГEНТЛИГИДА БАЙРАМОНА ТАНТАНА
2026-08-28 17:00:00 / Янгиликлар

“ЯГОНА ВАТАН МАДҲИ” — «ЎЗАРХИВ» АГEНТЛИГИДА БАЙРАМОНА ТАНТАНА
Истиқлол йиллари барча жабҳаларда бўлгани каби, архив соҳасида ҳам улкан ютуқлар ва янгиланишлар даври бўлди. Шундай қутлуғ айём — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида «Ўзархив» агентлигида “Ягона Ватан мадҳи” номли тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда «Ўзархив» агентлиги марказий аппарати ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, шунингдек, миллий архивлар директорлари ва ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирни «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов очиб, иштирокчиларни қутлади ҳамда самимий табрик сўзларини билдирди. У ўз нутқида мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида, хусусан, архив тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, юртимизда тинчлик ва осойишталикни асраш, Ватанга муҳаббат, миллий ўзликни англаш ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, аждодлардан қолган бебаҳо тарихий меросни асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга етказиш борасидаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида сўнгги йилларда архив соҳаси ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, моддий ва маънавий манфаатларини таъминлашга қаратилаётган эътибор алоҳида қайд этилди. Айниқса, соҳа ходимлари орасида ёшларнинг ҳам турли мукофотларга сазовор бўлаётгани уларни янги марралар сари руҳлантираётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва раҳнамолигида мамлакатимизда инсон меҳнати ва унинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссини муносиб баҳолаш, фидойи юртдошларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 22 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлаш тўғрисида”ги Фармони ҳам ана шу эзгу сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтириш, тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фаоллик кўрсатган юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Эътиборлиси, ушбу юксак эътирофга архив соҳаси ходимлари ҳам муносиб кўрилди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик нишонлари соҳада кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилаётган, ўз фаолияти билан архив тизими ривожига муносиб ҳисса қўшаётган ходимларга тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, тадбир давомида «Ўзархив» агентлигининг идоравий мукофоти — “Соҳа ифтихори” кўкрак нишони, “Фахрий ёрлиқ” ва «Ташаккурнома»лар ҳам ўз эгаларига топширилди.
Мукофотланганлар орасида ёш мутахассисларнинг ҳам борлиги алоҳида эътироф этилди. Бу эса ёшларни соҳага бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни фидойилик билан меҳнат қилишга ундаш ва янги ютуқларга руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларнинг меҳнати ҳам юксак эътироф этилди.
Ҳар бир мукофот ортида йиллар давомидаги ҳалол меҳнат, изланиш ва интилишлар, эл-юрт манфаати йўлида амалга оширилган эзгу ишлар мужассам. Бу эътироф архив соҳаси ходимларининг мамлакатимиз тараққиёти, миллий тарихимиз ва маданий меросимизни асраб-авайлаш борасидаги муносиб хизматларига берилган юксак баҳодир.
Тадбир якунида иштирокчиларга мустақиллик байрами муносабати билан самимий табриклар изҳор этилиб, соҳа ходимларига келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар, янги ютуқ ва зафарлар тиланди.
«Ўзархив» агентлиги матбуот хизмати









