Уммон Султонлиги делегацияси «Ўзархив» агентлигида бўлди
2026-08-26 17:25:00 / Янгиликлар

Уммон Султонлиги делегацияси «Ўзархив» агентлигида бўлди
Уммон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вафа Жабр Носир ал-Бусаидий бошчилигидаги делегация «Ўзархив» агентлигига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида делегация «Ўзархив» агентлиги директори У. Юсупов билан учрашди. Музокаралар давомида икки мамлакат архив муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда архив соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, тажриба ва билим алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, келгусида архив соҳаси бўйича қўшма лойиҳалар ва тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Уммон делегацияси учун Ўзбекистон Миллий архивида экскурция ташкил этилди. Меҳмонлар архив ҳужжатларини сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Архив музейи ҳамда кўргазмалар залида намойиш этилаётган ноёб ҳужжатлар ва тарихий экспонатларни кўздан кечирдилар.
Делегация таркибида:
Вафа Жабр Носир ал-Бусаидий — Уммон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, делегация раҳбари;
Ҳамад бин Муҳаммад ал-Давяний — Уммон Султонлиги Ҳужжат ва архивлар бошқармаси директори;
Роя бинт Умар ал-Ҳажарий — Халқаро ҳамкорлик департаменти директорининг ёрдамчиси;
Сайф бин Муслим ал-Ҳаруқий — ҳужжатлар ва қўлёзмаларни тавсифлаш бўйича мутахассис;
Ал-Қатан бин Сайф ал-Ҳаруқий — топшириқлар ижросини назорат қилиш бўлими бошлиғи иштирок этди.
Мазкур учрашув ва ташриф Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги ўртасида архив иши соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибаларни ўзаро ўрганиш ва тарихий ҳужжатларни асраб-авайлаш борасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.









