«Ўзархив» агентлиги вакиллари ҳамроҳлигида Уммон Султонлиги делегацияси Шарқшунослик институтида бўлди
2026-08-25 17:30:00 / Янгиликлар

«Ўзархив» агентлиги вакиллари ҳамроҳлигида Уммон Султонлиги делегацияси Шарқшунослик институтида бўлди
«Ўзархив» агентлиги вакиллари ҳамроҳлигида Уммон Султонлиги Ҳужжат ва архивлар бошқармаси директори Ҳамад бин Муҳаммад ал-Давяний ҳамда Уммон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий хоним бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтига ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар институтнинг тарихи, бугунги кундаги илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда дунё миқёсида эътироф этилган қўлёзмалар фонди билан танишдилар. Делегация вакиллари фондларда сақланаётган ноёб қадимий шарқ қўлёзмалари, тарихий ҳужжатлар ва асарларни катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.
Шунингдек, мутахассислар томонидан ноёб манбаларни асраш, консервация қилиш, реставрация этиш ва рақамлаштириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташрифнинг кейинги қисмида институт раҳбарияти, етакчи олимлар ва тадқиқотчилар иштирокида учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги ўртасидаги тарихий, илмий ва маданий алоқаларни янада ривожлантириш, архившунослик ва манбашунослик йўналишларида тажриба алмашиш ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Уммон Султонлигининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биноси қурилишидаги иштирокига бағишланган фильм намойиш этилди ҳамда меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Уммон Султонлиги ўртасида архившунослик, манбашунослик, тарихий қўлёзмаларни асраш ва рақамлаштириш йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.





