«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов Жиззах вилоятидаги давлат архивларида бўлди
2026-07-23 18:30:00 / Янгиликлар

«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов Жиззах вилоятидаги хизмат сафари доирасида Жиззах вилоят давлат архиви ва Ғаллаорол, Дўстлик туман давлат архивлари иш жараёни билан танишди.
Улуғбек Юсупов архивларда иш жараёни, ишлатилаётган ахборот тизимлари самарадорлиги, ҳужжатларни сақланиш ҳолати, йиғмажилдларни умумий ҳолатлари, рақамлаштириш жараёнлари, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган хизматларнинг тезкорлиги билан танишди.
Шунингдек, архивлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, хизмат вазифаларини бажаришда қонунийликка риоя этилиши, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар атрофлича кўриб чиқилди.
Маълумот учун: Дўстлик туман давлат архиви бугунги кунда вилоятнинг Арнасой, Мирзачўл, Зафаробод ва Дўстлик туманларидаги корхона, ташкилот ва муассасаларига хизмат кўрсатади. Ҳозирги вақтда давлат архивида 412 та фонд ва 88952 та сақлов бирлиги мавжуд. Дўстлик туман давлат архиви ходимлари томонидан шу вақтга қадар 346 та фонд ва 337340 та кадрлар e.archive.uz тизимига киритилди ва ушбу жараёнлар жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Маълумот учун: Жиззах вилоят давлат архиви 1974 йил 11 февралда ташкил этилган бўлиб, бу ерда 1922 йилдан то бугунги кунгача бўлган ҳужжатлар сақланмоқда. Архив фондларида бугун 107698 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар сақланмоқда. Жиззах вилоят давлат архиви ходимлари рақамлаштириш жараёнида ҳам қизғин меҳнат қилишмоқда. Шу бугунга қадар 86543 та сақлов бирлигидан 24017 таси яъни 27% рақамлаштирилди, 412 та фонд ҳамда 1747943 та кадрлар e.archive.uz тизимига киритилди.









