«ЎЗАРХИВ» АГEНТЛИГИ ДИРEКТОРИ ЁШ АРХИВЧИЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ
2026-06-30 13:00:00 / Янгиликлар

«ЎЗАРХИВ» АГEНТЛИГИ ДИРEКТОРИ ЁШ АРХИВЧИЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ
30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги директори У. Юсупов агентлик тизимида фаолият юритаётган ёш архивчилар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда давлат органлари фаолиятида ёш мутахассисларнинг ролини кучайтиришга қаратилган топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилди.
Учрашув аввалида Ёшлар кунининг мамлакатимиз ҳаётидаги аҳамияти, ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳамда уларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар мамлакатимиз тараққиётининг муҳим таянчи ҳисобланади.
Очиқ мулоқот давомида Агентлик раҳбари архив соҳаси ривожининг устувор йўналишлари, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳужжатларни рақамлаштириш, электрон архивларни шакллантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳамда архив хизматлари сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, У. Юсупов ўз нутқида бугунги кунда ёшларнинг архив соҳаси ривожидаги ўрни тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, шундай деди:
“Архив соҳасидаги ёшлар — тизимни рақамлаштириш ва модернизация қилишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Бугунги кунда архив иши анъанавий қоғоз ҳужжатлар билан ишлашдан тўлиқ рақамли (ИТ) тизимга ўтмоқда. Бу эса соҳада замонавий фикрлайдиган ёш кадрларга бўлган талабни кескин оширди.”
Учрашув савол-жавоб ва эркин мулоқот тарзида давом этди. Ёш архивчилар томонидан касбий фаолият, хизмат шароитлари, рақамлаштириш жараёнлари, малака ошириш ҳамда соҳани янада ривожлантиришга оид қатор саволлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Очиқ мулоқот давомида ўзаро фикр алмашилиб, ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида Агентлик директори ёш архивчиларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини юқори баҳолаб, уларни келгусида ҳам ўз устида мунтазам ишлашга, касбий билим ва кўникмаларини ошириб боришга ҳамда архив соҳаси тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чорлади.
Шунингдек, мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш ва ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида «Ўзархив» агентлиги директори У. Юсупов ҳамда Ўзбекистон Миллий архиви директори Д. Закирова томонидан ёш архивчиларга бадиий ва илмий-оммабоп адабиётлар совға қилинди.
Тадбир сўнгида Ёшлар куни муносабати билан фаол ёш архивчиларга эсдалик совғалари топширилди. Мазкур учрашув ёшлар ва раҳбарият ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш, фикр алмашиш ҳамда ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим мулоқот майдонига айланди.









