“АРХИВ САҲИФАЛАРИДАГИ ЖУРНАЛИСТИКА ТАРИХИ” ФОТОҲУЖЖАТЛАР КЎРГАЗМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
2026-06-25 13:00:00 / Янгиликлар

“АРХИВ САҲИФАЛАРИДАГИ ЖУРНАЛИСТИКА ТАРИХИ” ФОТОҲУЖЖАТЛАР КЎРГАЗМАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Ҳар йили 27 июнь санаси мамлакатимизда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана журналистлар, матбаа ва нашриёт соҳаси вакиллари, телевидение ва радио ижодкорлари, интернет нашрлари ходимлари ҳамда соҳа фахрийларининг фидокорона меҳнатини эътироф этиш, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва хизматларини юксак қадрлашга бағишланган.
Мазкур сана муносабати билан жорий йилнинг 25 июнь куни Тошкент Фотосуратлар уйида “Архив саҳифаларидаги журналистика тарихи” номли архив ҳужжатлари фотокўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазмада Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган 1930–2025 йилларга оид, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан тақдим этилган мамлакатимиз матбуоти ва оммавий ахборот воситаларининг шаклланиши ҳамда ривожланиш тарихини ёритувчи 100 дан ортиқ ноёб фотоҳужжат намойиш этилди.
Экспозициядан архив сақловидаги Муслимбек Йўлдошев ва Насиба Ибрагимованинг шахсий фондларига мансуб фотоҳужжатлар ҳам муносиб ўрин олди. Кўргазмада журналистларнинг ижодий фаолияти, интервью ва суҳбатлар, республика ҳамда ҳудудий газета ва журналлар таҳририятлари, телерадиостудиялар иш жараёни, теледастур ва радиоэшиттиришларни тайёрлаш, тасвирга олиш ва овоз ёзиш жараёнлари, матбуот анжуманлари ҳамда давра суҳбатлари акс этган тарихий суратлар кенг намойиш қилинди.
Шунингдек, телевидение ва радио тарихида муҳим из қолдирган биринчи сухандонлар, режиссёрлар, операторлар, таниқли бошловчилар ва журналистларнинг касбий фаолиятини акс эттирувчи фотоҳужжатлар ҳам кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Кўргазманинг энг қимматли экспонатларидан бири сифатида 1931 йилда радио бошловчисининг жонли эфир вақтида олинган тарихий фотосурати алоҳида эътибор марказида бўлди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида «Ўзархив» агентлиги раҳбарияти, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон миллий архивлари раҳбар ва ходимлари, вазирлик ҳамда идораларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари, журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва соҳа фахрийлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети доценти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муслимбек Йўлдошев ҳамда “Дунё бўйлаб” телеканали муҳаррири Феруза Ғуломова архив иши соҳасини ривожлантириш ва кенг жамоатчиликка тарғиб этишдаги муносиб ҳиссаси учун «Ўзархив» агентлигининг “Соҳа ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Шунингдек, архив соҳаси фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ва холис ёритиб келаётган бир гуруҳ журналистлар ҳамда медиа вакилларига «Ўзархив» агентлигининг Фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида «Ўзархив» агентлиги томонидан архив ишидаги ислоҳотлар, тарихий меросни кенг тарғиб этиш ва жамоатчиликка етказишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган барча оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлик билдирилди. Таъкидланганидек, архив ҳужжатларида мужассам тарихий хотирани кенг оммага етказишда журналистлар ва ОАВ вакилларининг ўрни беқиёс бўлиб, мазкур ҳамкорлик келгусида ҳам изчил давом эттирилади.









