“ЁШ АРХИВЧИЛАР ФОРУМИ–2026” ТАДБИРЛАРИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЯКУНЛАНДИ
2026-06-21 18:15:00 / Янгиликлар

“ЁШ АРХИВЧИЛАР ФОРУМИ–2026” ТАДБИРЛАРИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЯКУНЛАНДИ
2026 йил 12–14 июнь кунлари Бўстонлиқ туманидаги «ОЛМОС» соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тизими ташкилотлари ходимларининг анъанавий “ЁШ АРХИВЧИЛАР ФОРУМИ–2026” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
Форум дастуридан спорт, интеллектуал, маънавий-маърифий ва касбий йўналишдаги қатор тадбирлар ўрин олди. Жумладан, «Ўзархив» агентлиги кубоги–2026 футбол чемпионати, хотин-қизлар спартакиадаси, “Агентлик шоҳсупаси” шахмат турнири, бошқарма бошлиқлари ўртасидаги стол тенниси мусобақалари, «ЗАКОВАТ» интеллектуал ўйини, “Палов чемпионати”, “Уч авлод учрашуви”, “Янги Ўзбекистон архивлари: ҳудудларнинг энг яхши кўргазма амалиётлари” танлови, “Йилнинг энг фаол ёш архив ходими” республика кўрик-танлови ҳамда “Жадал ислоҳотлар даврида архив ҳужжатларини фондлаштириш муаммолари: тажриба ва ечимлар” мавзусидаги амалий конференция ташкил этилди.
Форум тадбирлари давомида иштирокчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тажриба алмашиш жараёнлари янада мустаҳкамланди. Айниқса, ёш архивчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоавий ишлаш маданиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирларнинг якуний қисмида барча йўналишлар бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда спорт мусобақалари, интеллектуал беллашувлар, кўргазмали лойиҳалар танлови ва бошқа йўналишларда юқори натижаларни қўлга киритган иштирокчиларга диплом, кубок, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.
Сўзга чиққанлар томонидан форум ёш мутахассисларнинг касбий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, миллий қадриятларни тарғиб этиш ҳамда архив тизимида фаолият юритаётган ёшларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
“ЁШ АРХИВЧИЛАР ФОРУМИ–2026” ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларга эришган ҳолда, иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди ҳамда келгуси йилларда ушбу анъанани янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.









