“ЁШ АРХИВЧИЛАР ФОРУМИ–2026” | Палов чемпионати
2026-06-21 16:00:00 / Янгиликлар

“ЁШ АРХИВЧИЛАР ФОРУМИ–2026” ДОИРАСИДА “ПАЛОВ ЧEМПИОНАТИ” ЎТКАЗИЛДИ
2026 йил 12–14 июнь кунлари Бўстонлиқ туманидаги «ОЛМОС» соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тизими ташкилотлари ходимларининг анъанавий “ЁШ АРХИВЧИЛАР ФОРУМИ–2026” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
Форум доирасида архив ёшлари ўртасида ўзбек халқининг миллий ифтихори ҳисобланган палов тайёрлаш бўйича “Палов чемпионати” ташкил этилди. Мазкур танлов миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёшлар ўртасида миллий таомлар тайёрлаш анъаналарини тарғиб этиш ҳамда жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.
Мусобақада ҳудудлардан сараланган иштирокчилар қатнашиб, олдиндан тайёрлаб келинган 2 килограмм гуруч ва унга мос масаллиқлардан фойдаланган ҳолда турли усулларда палов тайёрладилар. Ҳар бир иштирокчи ўз ҳудудига хос ош тайёрлаш анъаналари, пазандачилик маҳорати ва ижодий ёндашувини намоён этди.
Тадбир давомида тайёрланган таомлар ҳакамлар ҳайъати томонидан таъми, кўриниши, тайёрлаш технологиясига риоя қилиниши ҳамда тақдимот маданияти каби мезонлар асосида баҳоланди. Беллашув якунларига кўра энг юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар орасидан 1-, 2- ва 3-ўрин ғолиблари аниқланди.
“Палов чемпионати” форум иштирокчиларига нафақат миллий таом тайёрлаш бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказиш, балки ўзбек халқининг бой пазандачилик анъаналари ва миллий қадриятларини кенг тарғиб этиш имконини ҳам яратди.
Тадбир якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.









