«Ўзархив» тизимида Ёшлар куни: кўнгиллилик ғоялари марказида
2026-06-18 13:00:00 / Янгиликлар

«Ўзархив» тизимида Ёшлар куни: кўнгиллилик ғоялари марказида
Июнь–август ойларида ҳар пайшанба куни ўтказилаётган “Ёшлар куни” тадбирлари доирасида тасдиқланган режа-графикка мувофиқ «Ўзархив» агентлиги тизимида “Менинг кўнгиллилик ҳикоям” мавзусида танлов ташкил этилди.
Танловда ўзининг видеоҳикояси билан иштирок этган Ўзбекистон Миллий университети талабаси, волонтёр Бобур Каримов ғолиб деб топилди. Унинг фаол фуқаролик позицияси, жамоатчилик ишларидаги иштироки ҳамда кўнгиллилик фаолиятига оид тажрибаси танлов ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий архивида “Кўнгиллилик – келажак” мавзусида архивчилар ва ёшлар иштирокида учрашув ташкил этилди. Тадбир давомида волонтёрлик фаолиятини янада ривожлантириш, ёшларни жамоатчилик ишларига кенг жалб этиш ҳамда архив соҳасида кўнгиллилар ҳаракатини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мунозара шаклида ўтган очиқ мулоқот чоғида иштирокчилар халқаро волонтёрлик дастурлари, уларнинг имкониятлари ва истиқболлари билан таништирилди. Архивчилар ҳамда архив волонтёрлари томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумотлар берилди.
Учрашув якунида ёшлар томонидан бошқариладиган маҳаллий волонтёрлик марказини ташкил этиш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилди. Мазкур таклифлар келгусида ёшлар фаоллигини ошириш, кўнгиллилик ҳаракатини кенгайтириш ҳамда архив соҳасида жамоатчилик иштирокини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
“Менинг кўнгиллилик ҳикоям” танлови ғолиблари ҳамда фаол иштирокчилари тақдирланди. Уларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Мазкур рағбатлантириш ёшларнинг кўнгиллилик фаолиятидаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга хизмат қилади.









