«Ўзархив» агентлиги директори Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабалари билан учрашув ўтказди.
2026-05-15 15:00:00 / Янгиликлар

«Ўзархив» агентлиги директори У. Юсупов Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети талабалари билан учрашув ўтказди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий салоҳиятини ошириш ҳамда давлат органлари фаолиятида ёш мутахассисларнинг ролини кучайтиришга қаратилган қарор ва топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилди.
Самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида талабалар архив соҳаси фаолияти, тизимдаги замонавий ислоҳотлар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Хусусан, «Ўзархив» агентлиги директори томонидан архив тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳужжатларни рақамлаштириш жараёнлари, электрон архивларни шакллантириш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, миллий архив фонди ҳужжатларининг сақланишини таъминлаш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, учрашув давомида ёшларнинг архив соҳаси ривожидаги ўрни, малакали ва замонавий фикрлайдиган кадрларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, соҳага оид таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашув якунида Агентлик директори ёшларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ва соҳага бўлган қизиқишини юқори баҳолаб, уларни келгусида ҳам ўз устида мунтазам ишлашга, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга ҳамда касбий маҳоратини ошириб боришга чақирди. Шунингдек, талабаларга ўқиш ва келгусидаги меҳнат фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Тадбир сўнгида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети музейи фаолияти билан танишилиб, унда сақланаётган тарихий экспонатлар ва ноёб материаллар кўздан кечирилди.









