Тошкент шаҳрида “Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди
2026-05-06 11:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 5 май куни Тошкент шаҳрида “Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбир биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқ дипломатияси механизмларини кучайтириш ҳамда халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда 10 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан эксперт ва мутахассислар, шаҳар маъмурияти вакиллари, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари (онлайн ва офлайн форматда), шунингдек давлат ва жамоат ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ушбу конференцияда «Ўзархив» агентлиги директори U.Yusupov ўз маърузаси билан иштирок этди. Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви сақловидаги архив ҳужжатлари кўргазмаси ташкил этилди.
Анжуман доирасида қуйидаги асосий тадбирлар ўтказилди:
- “Биродар шаҳарлар – халқ дипломатиясининг ёрқин намунаси” мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий конференция;
- пленар йиғилиш ва мавзули секцияларда 30 га яқин илмий-амалий маърузалар;
- миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси;
- “Ўзбекистоннинг биродар шаҳарлари тарихи” мавзусидаги архив кўргазмаси;
- ҳамкорлик шартномалари ва биродарлик битимларини имзолаш маросимлари.
Шунингдек, анжуман доирасида шаҳарлараро ҳамкорликнинг янги босқичини белгиловчи муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, экологик барқарорлик, рақамли бошқарув, “ақлли шаҳар” концепцияси, ёшлар дипломатияси ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчилар томонидан биродар шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни янада институционал даражага олиб чиқиш, мунтазам форумлар ташкил этиш ҳамда ҳудудлараро тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Мазкур анжуман шаҳар дипломатиясини ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш, инвестициявий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро муносабатларда маҳаллий даражадаги шерикликни ривожлантиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Ташкилотчилар келгусида ушбу анжуманни ҳар йили ўтказиш, биродар шаҳарлар географиясини янада кенгайтириш, қўшма лойиҳалар сонини ошириш ҳамда амалий натижадорликни кучайтиришни мақсад қилганини маълум қилди.
Умуман олганда, “Биродар шаҳарлар – 2026” биринчи халқаро илмий-амалий анжумани Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқлик сиёсати, халқ дипломатияси, инновацион ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг муҳим амалий ифодаси бўлиб хизмат қилди.









