“Иккинчи жаҳон уруши: илмий тадқиқотлар ва тарихий маълумотлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
2026-04-24 18:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24 апрель куни Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасининг «Шон-шараф» давлат музейида “Иккинчи жаҳон уруши: илмий тадқиқотлар ва тарихий маълумотлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Тадбирда соҳа мутахассислари, етакчи тарихчи олимлар, илмий тадқиқотчилар ҳамда архив тизими вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди. Жумладан, «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов, Ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев, агентлик директори маслаҳатчиси Шухрат Турсунбоев ҳамда Ўзбекистон Миллий архивлари ходимлари конференцияда фаол қатнашдилар.
Конференция давомида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид илмий изланишлар, янги тадқиқотлар, архив манбалари асосидаги таҳлиллар ҳамда тарихий воқеаларнинг замонавий талқинлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар томонидан тарихий ҳақиқатларни чуқур ўрганиш ва уларни кенг жамоатчиликка етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбир доирасида Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортидаги жасорати, сабр-матонати, мардлиги ва ватанпарварлигини акс эттирувчи “Ўчмас у кунлар шуҳрати” мавзусида архив ҳужжатлари кўргазмаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Беларус архивлари ҳамкорлигида тайёрланган қўшма архив ҳужжатлар кўргазмаси намойиш этилиб, унда икки давлат ўртасидаги тарихий алоқалар ва уруш даврига оид муҳим архив материаллари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.









