Татаристон делегация вакиллари Ғалаба боғи ҳамда «Шон-шараф» музейига ташриф буюрдилар.
2026-04-24 13:00:00 / Янгиликлар

Татаристон делегация вакиллари Ғалаба боғи ҳамда «Шон-шараф» музейига ташриф буюрдилар.
Ушбу ташриф доирасида меҳмонлар учун мазмунли ва пухта ташкил этилган экскурция дастури йўлга қўйилди.
Экскурция давомида делегация аъзолари Ғалаба боғининг яратилиш тарихи, унинг консептуал мазмуни, уруш йилларида халқимизнинг жасорати ва фидойилигини акс эттирувчи ёдгорликлар билан яқиндан танишдилар. Боғ ҳудудида барпо этилган ҳайкаллар, мемориал мажмуалар ҳамда тематик композициялар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, меҳмонлар «Шон-шараф» музейига ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон уруши даврига оид бой экспозицияларни томоша қилдилар. Музейда намойиш этилган тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, шахсий буюмлар ва интерактив кўргазмалар орқали уруш йилларидаги воқеалар, фронт ортидаги ҳаёт, халқимизнинг матонати ва мардлиги ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Экскурция давомида мутахассис гидлар томонидан ҳар бир экспозиция юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди, делегация аъзоларининг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди. Ушбу ташриф меҳмонларга Ўзбекистон халқининг тарихий хотираси, жасорат анъаналари ва миллий қадриятлари ҳақида чуқур тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.
Мазкур маданий-маърифий ташриф делегация аъзоларида катта таассурот қолдириб, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва тарихий хотирани эъзозлаш тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.



