Ўзбекистон Республикаси Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Миллий архиви ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
2026-02-25 15:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Миллий архивида муҳим маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Миллий архиви ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум икки ташкилот ўртасида тарихий-маданий меросни асраш, архив ҳужжатларини илмий тадқиқ этиш, нодир манбаларни аниқлаш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ҳужжат доирасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-амалий конференциялар ташкил этиш, шунингдек, Шажарашунослик ва манбашунослик йўналишларида тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримов, фахрий шажарашунос Асқар Абидов, мутахассис дизайнер насабшунос графикачи Низомиддин Абраров, манбашунос-шажарашунос Баҳодиров Илҳом Икромович, тадқиқотчи-манбашунос Шаҳнозахон Хўжаева ҳамда архив ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир доирасида яна бир муҳим воқеа — “Олтин мерос” халқаро жамоат фонди “Шажарашунослик ва манбашунослик” бўлими тадқиқотчи шажарашуноси, халқаро ПҳД доктори Асқар Обидовнинг шахсий фондини Ўзбекистон Миллий архивига топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур шахсий фонд таркибига кўп йиллик илмий изланишлар натижасида тўпланган қўлёзмалар, шажара дарахтлари, тарихий ҳужжатлар нусхалари, илмий мақолалар ва бошқа қимматли манбалар киради. Ушбу материаллар миллий тарихимизни чуқур ўрганиш, аждодлар меросини тиклаш ва келгуси авлодларга етказишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Тадбирнинг энг тантанали лаҳзаларидан бири — халқаро ПҳД доктори, тажрибали шажарашунос олим Асқар Обидовга агентликнинг “Соҳа ифтихори” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлди. Мазкур юксак эътироф Асқар Обидовнинг кўп йиллик самарали илмий фаолияти, Шажарашунослик ва манбашунослик йўналишида олиб борган чуқур тадқиқотлари, тарихий манбаларни аниқлаш, тизимлаштириш ва илмий муомалага киритиш борасидаги фидокорона меҳнатининг муносиб баҳоси сифатида топширилди. Тадбирда сўзга чиққанлар олимнинг миллий меросимизни асраш, аждодлар хотирасини тиклаш ҳамда ёш авлодни тарихий илдизларига ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги хизматларини алоҳида таъкидладилар. Қайд этилишича, унинг илмий изланишлари нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган бўлиб, кўплаб тадқиқотчилар учун муҳим манба вазифасини ўтаб келмоқда.
Тадбир иштирокчилари мазкур ҳамкорлик мамлакатимизда архив соҳаси ва Шажарашунослик йўналишининг ривожланишига янги суръат бағишлашини таъкидладилар.
Ўзбекистон Миллий архиви ҳамда “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди ўртасидаги ушбу ҳамкорлик миллий меросимизни асраш ва тарғиб этиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.









