Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштиришда “Ўзархив” агентлиги тажрибаси ўрганилмоқда
2026-02-18 13:00:00 / Янгиликлар

Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштиришда “Ўзархив” агентлиги тажрибаси ўрганилмоқда
2026 йил 18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари “Ўзархив” агентлигида меҳмон бўлиб, агентликнинг замонавий ахборот коммуникация тизимлари ва рақамлаштириш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
“Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов шахсан меҳмонларни кутиб олиб, агентликнинг фаолияти, жорий этилган электрон ҳужжат айланиши тизимлари ва архив ҳужжатларини рақамлаштириш тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашув давомида суд ва давлат архиви ўртасида ҳужжатларни олишга сўров юбориш ҳамда архивдан ҳужжатларни олиш жараёнида электрон ахборот алмашинувини таъминлаш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳ аъзолари “Ўзархив” нинг самарали электрон тизимлари билан танишиб, уларнинг суд фаолиятини рақамлаштиришда қўлланиш имкониятларини ўргандилар.
Эътиборлиси, бу ташриф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-253-сонли Фармони билан белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида бўлиб ўтди. Фармон Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишни назарда тутади.
Ишчи гуруҳнинг “Ўзархив” агентлиги тажрибасини ўрганиши суд фаолиятини рақамлаштириш жараёнида муҳим қадам бўлиб, бу орқали суд ҳужжатларини электрон тарзда алмашиш ва архивлаштириш тизимлари янада самарали ва замонавийлаштирилади.









