«Ўзархив» агентлиги директори У. Юсупов Фарғона вилоятидаги Ёш архивчи ходимлар билан учрашув ўтказди
2026-02-12 15:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги директори У. Юсупов Фарғона вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги архив муассасаларида фаолият юритаётган 35 нафардан ортиқ ёш ходимлар билан учрашув ўтказди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий салоҳиятини ошириш ҳамда давлат органлари фаолиятида ёш мутахассисларнинг ролини кучайтиришга қаратилган қарор ва топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилди.
Учрашув давомида Ўзархив агентлиги раҳбари томонидан архив соҳаси ривожининг устувор йўналишлари, тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, ҳужжатларни рақамлаштириш, электрон архивларни шакллантириш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, архив ҳужжатларининг сақланишини таъминлаш ҳамда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, ёш ходимларнинг касбий билим ва малакасини ошириш, уларни замонавий ахборот технологияларига ўқитиш, хорижий тажрибаларни ўрганиш, хизмат фаолиятида инновацион ёндашувларни қўллаш ҳамда ёш кадрлар захирасини шакллантириш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув жараёнида ёш ходимлар томонидан ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар берилди, мавжуд муаммолар очиқ мулоқот тарзида муҳокама қилинди ҳамда архив соҳаси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Раҳбар томонидан ёш ходимларнинг билдирилган фикр ва таклифлари ижобий баҳоланиб, уларни амалиётга жорий этиш юзасидан тегишли масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Учрашув якунида, Ўзархив агентлиги раҳбари ёш ходимларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини юқори баҳолаб, уларни келгусида ҳам ўз устида мунтазам ишлашга, касбий маҳоратини ошириб боришга, архив соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшишга чақирди ҳамда уларнинг хизмат фаолиятида муваффақиятлар тилади.








