2026 йил 6 феврал куни Ўзбекистон Миллий архиви биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида муҳим тадбир ташкил этилди
2026-02-06 13:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 6 феврал куни Ўзбекистон Миллий архиви биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида муҳим тадбир ташкил этилди.
Тадбирнинг дастлабки қисмида меҳмонлар учун Миллий архив фондига эксклюзив экскурсия ўтказилди. Экскурсия давомида депутатлар мамлакат тарихининг бебаҳо манбалари бўлиб хизмат қилувчи қимматли ва ноёб ҳужжатлар, архивда ҳужжатларни реставрация қилиш, уларни сифатли сақлаш учун яратилган махсус шарт-шароитлар билан бевосита таништирилди. Шунингдек, меҳмонларга архив ҳужжатларини рақамлаштириш жараёнида қўлланилаётган замонавий сканер техникаси, суғурта нусхалари яратиш учун ишлатиладиган инновацион ускуналар ҳамда иш жараёнлари кўрсатилди.
Мазкур тадбир доирасида “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов томонидан агентлик фаолияти, жорий этилган автоматлаштирилган ахборот тизимлари, рақамлаштириш ишлари ҳамда келгусидаги муҳим режаларга бағишланган тақдимот ҳам ўтказилди.
Айниқса: 12 591 та бошқарув, 1 439 та шахсий таркиб, 77 та сақлаш муддати вақтинча бўлган ҳужжатлар рўйхатларининг электрон нусхалари яратилди. 2025 йилда давлат архивлари томонидан 15,2 млн. Кадр архив ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилди. Ўзбекистон миллий архивлари ва давлат архивлари томонидан “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимига жами 1,29 млн.та маълумотлар киритилган.
Давлат архивлари томонидан архив ҳужжатларнинг электрон нусхасини вақтинчалик сақлаш ва мониторинг қилиш “Е-сақлов” ахборот тизими жорий қилинди. Ушбу тизимга давлат архивларининг 350 нафар ходимлари томонидан 2026 йил 19 январь ҳолатига 65 млн. кадрдаги архив ҳужжатлари жойлаштирилган.
2025 йил давомида Республика архивларига мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар жами 557 975 та (2024 йилда 513 301та) келиб тушган. Архив ҳужжатлари асосида 283 953 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 264 326 таси ижобий, 19 627 таси бўйича эса тегишли тушунтиришлар берилган. Ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмаганлиги ва тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган сўровлар 115 155 тани, ҳисобот даврида ижродагилар 9 976 тани ташкил этади Архив ҳужжатлари асосида 148 891 та мавзули сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 120 962 таси ижобий, 27 929 таси ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмаганлиги бўйича тушунтиришлар берилганлиги таъкидланди.
Архивга оид 10 та давлат хизматлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, хизмат кўрсатиш вақти 30 кундан 5 кунгача қисқартирилишга эришилди.
Президентимизнинг 2025 йил 25 ноябрьдаги Фармонлари билан 2030 йилга қадар архив ҳужжатлари рақамлаштирилишини 60 фоизга етказиш вазифаси белгилаб берилди.
Тадбирнинг кейинги қисмида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек архив соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ҚЛ–171-сонли Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси бўйича навбатдаги муҳокама ўтказилди.
“Архив иши тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар архив ишини рақамлаштириш, бошқарувни ихчамлаштириш ва архив хизматларининг сифатини оширишга хизмат қилади. Архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини асл нусха сифатида тан олиш ҳужжат айланишини соддалаштиради ҳамда қоғозбозликни камайтиради.
Шунга кўра, “Архив иши тўғрисида”ги Қонунга электрон архив тушунчаси ва ташкил этиш тартиби, архив ҳужжатларининг электрон нусхаси тушунчасига таъриф бериш ҳамда электрон нусхани асл нусха ўрнида тан олиш, архив ҳужжатларини Миллий архив фонди таркибидан чиқариш, идоравий ҳамда нодавлат архивларни ташкил этиш тартиби ва шартларини белгилайдиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мунтазам равишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янги хизматлар фуқароларга қулайликлар яратиш, архив ҳужжатларининг сифатли сақланиши ва улардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
Тадбир сўнгида иштирокчилар архив иши соҳасида янада долзарб вазифаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашди.
Тадбирни ёритишда яқиндан ёрдам берган оммавий ахборот воситалари вакилларига “Ўзархив” агентлиги томонидан миннатдорлик билдирилади.









