Ўзбекистон Миллий архивлари ҳамда Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси раҳбарларининг матбуот анжумани ўтказилди
2026-01-28 12:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Миллий архивлари ҳамда Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси раҳбарларининг 2025 йилда архив ишини ривожлантириш бўйича бажарилган ишлари сарҳисоби ҳамда 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Жорий йилнинг 27 январь куни Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви биносида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тасарруфидаги миллий архивлар ҳамда Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан 2025 йил мобайнида амалга оширилган ишлар натижаларига ҳамда 2026 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжуманида сўзга чиққан миллий архив раҳбарлари ҳисобот даврида амалга оширилган ишларнинг архив иши ва иш юритишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, амалдаги намунавий меъёрлар, Адлия вазирлиги ҳамда «Ўзархив» агентлигининг тегишли буйруқлари, йўриқномалари, Ҳайъат қарорлари асосида ижро этилганлигини қайд этиб ўтдилар.
Миллий архивлар ҳамда Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан ҳужжатлар сақловини таъминлаш бўйича 59 232 варақдаги архив ҳужжатлари таъмирланди. 5 382 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар муқоваланди ва тикиш ишлари амалга оширилди.
2025 йил давомида миллий архивлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан МДҲ фуқаролари ва пенсия жамғармалари, шунингдек Ўзбекистон фуқаролари ва буджетдан ташқари пенсия жамғармасининг турли бўлинмалари томонидан келган жами 87 312 ижтимоий-ҳуқуқий сўровлар кўриб чиқилиб ижроси таъминланди.
Ҳисобот даврида олинган даромад 18 млрд дан ортиқ сўмни ташкил этди.
Ҳужжатларни нашр этиш ва улардан фойдаланиш ишлари бўйича ҳисобот даврида 2 649 та мавзули сўров, 54 та радиоэшиттириш, архив ҳужжатлари асосида 56 та кўргазма, 53 та мақола, 34 та архивлар бўйлаб қизиқарли экскурциялар, 54 та телекўрсатувлар эфирга узатилди. Жумладан, «Ўзбекистон-24», «Ёшлар» телеканалининг “ДАВР” информацион дастури, “РEНEССАНС ТВ”, «Узрепорт», “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Манбалар сўзлаганда”, “Дунё бўйлаб” телеканалининг «Архивариус», «Тошкент» телеканалининг “ПОЙТАХТ” информацион дастури телеканаллари, «Маҳалла» телеканалининг “МИНБАР” ток-шоуси, “МИЛЛИЙ ТВ” телеканалининг “Гапирмасак бўлмайди” ток-шоуси, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Правда Востока”, «Ишонч», “Народноэ слово”, «Хуқуқ», «Даракчи» газеталарида, UZA.uz, Kun.uz ва бошқа ОАВда миллий архивлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармасида сақланаётган ноёб ва қизиқарли ҳужжатлар асосида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилди. Жумладан, нашр этиш ишлари халқаро миқёсда ҳам олиб борилиб, Россия Федерасиясининг «Росархив» агентлиги ҳузуридаги “Отечественные архивы” журнали ҳамда “Вестник ВНИИДАД” журналларида мақолалар нашр этилди.
Шунингдек, турли маҳаллий даврий нашрлар ва илмий журналларда ҳам илмий мақолалар нашр этишга эътибор қаратилди. Шу фаолиятлар самараси ўлароқ архивларга 6 848 дан зиёд тадқиқотчилар ташриф буюриб, архив ҳужжатларидан самарали фойдаландилар.
Архив ҳужжатларини сифатли ва хавфсиз сақланишини таъминлаш йўналишида фаолиятга замонавий ахборот коммуникациялари жорий этилди. “Архив ҳужжатларини қўриқлаш ва сақлашга мўлжалланган интеграллашган тизим” йўлга қўйилди. Барча сақловхоналарда хона иқлимини онлайн назорат қилиш мақсадида махсус дастур ва датчиклар ўрнатилди. Миллий архивларда фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида асосий эътибор хизмат кўрсатишда инсон омилини камайтириш мақсадида онлайн хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилди.
Ҳисобот даврида қоғоз асосидаги 18 598 сақлов бирлиги, 2.065.120 кадрдаги ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, архив ҳужжатларининг электрон нусхаларини яратиш мақсадида 2025 йил давомида архив ходимлари томонидан 206 сақлов бирлигидаги киноҳужжатлар, 9 653 сақлов бирлигидаги фото ҳамда 394 сақлов бирлигида фоно ҳужжатлар рақамлаштирилди.
2025 йилнинг архив соҳасидаги энг муҳим жиҳати бу 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Архив соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-228-сон Фармони қабул қилинганлиги бўлди. Мазкур Фармон архив соҳасини модернизация қилиш ва ривожлантиришга қаратилган бўлиб, архив тизимини янги замонавий босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган ҳуқуқий асосни яратди. Фармонда 2026–2030 йилларда архив иши соҳасини ривожлантириш Дастури қабул қилинган бўлиб, архивларда бу бўйича ишлар бошлаб юборилган.
5 декабрь куни Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивида Тошкент давлат аграр университети, Тупроқшунослик ва агрокимё тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Профессор Баҳодиров Мажидхон – ўзбек тупроқшунослик фани тараққиётининг илмий мерослари ва унинг ҳозирги глобал замондаги аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда архивда шахсий фонди сақланаётган тупроқшунослик ва шарқшунослик фанлари ривожланишига улкан ҳисса қўшган профессор Мажидхон Баҳодировнинг ҳаёт йўли, ижоди, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси ва илмий изланишлари, унинг бугунги кундаги илмий аҳамияти борасида илмий маъриза ва чиқишлар қилинди.
Соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва хориж тажрибасини ўрганиш борасида ҳам 2025 йил мобайнида талайгина амалий ишлар қилинди. Хусусан, 2025 йил 15 май куни Ўзбекистон миллий архивларига Россия Федерасиясининг Перм Давлат Ижтимоий-сиёсий тарих архиви делегасияси ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмонларга архив фаолияти таништирилди ва ўзаро давра суҳбати ташкил этилди. ПермДИСТА директори С. В. Неганов «Ўзархив» агентлиги тизимидаги архив муассасалари билан келгусида архив ҳужжатлари кўргазмасини ўтказиш ва китоб тўпламлар яратиш ишлари тўғрисида маълумотлар берди.
2-7 июнь кунлари Россия Федерацияси Москва шаҳрида Маслаҳат Кенгашнинг навбатдаги ХХИ йиғилиши ва унинг доирасида Бутунроссия ҳужжатлаштириш ва архившунослик илмий-тадқиқот институти (ВНИИДАД)нинг “Реал виртуал: рақамли асрдаги ҳужжатли мерос” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий анжуманида ҳамда 9-19 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг Кисловодск шаҳрида “Дам олиш – даволаниш – билим олиш – малака ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган дастурда 2 нафар раҳбар кадрлар иштирок этдилар.
«Ўзархив» агентлиги, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлигининг Архивлар, ҳужжатлар ва китоб иши қўмитаси, Бухоро вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамда Бухаро университети ҳамкорлигида Бухоро шаҳрида 2025 йил 20 августда “Ўзбекистонда Қозоғистон архивлари кунлари” доирасида “Ахборот жамиятида архивлар ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда “Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маданий ҳамкорлик архив фото ҳужжатларида” номли китоб-альбом тақдимоти ҳамда илк бор икки қардош халқ алоқаларига оид тарихий, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни ёритувчи ноёб архив ҳужжатлари кўргазмалари ўтказилди.
Ўтган йилнинг 29 август куни «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, миллий архивлар ҳамда Тошкент Фотосуратлар Уйи ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонни суратларда кашф этамиз” номли фотокўргазмаси ташкил этилиб, ушбу асл нусха ҳужжатлар кўргазмага ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
2025 йил октябрь ойида “Беларус Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси архив муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси (2025-2027 йиллар учун)” имзолаш доирасида Беларус Республикаси Адлия вазирлиги Архивлар ва иш юритиш департаменти директори О. Воинов бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивига ва бошқа архивларга ташриф буюрди.
Ўзбекистон миллий архивлари ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан 2026 йил учун тегишли вазифаларни амалга ошириш бўйича асосий иш режалари ишлаб чиқилди ва бунда асосий эътибор архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва ягона тизимга бириктириш масалаларига қаратилди.








