Халқ қабулхонаси мудирининг ўринбосари тайинланди
2026-07-15 09:00:00 / Новости

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси бошлиғи Фаррух Омонов, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари, Президент Халқ қабулхоналарининг шаҳар-туманлардаги ходимлари, ЗООМ платформаси орқали шаҳар-туманлар ҳокимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда дастлаб ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Наманган вилоятидаги Президент Халқ қабулхонаси мудирининг ўринбосари лавозимига Юсупов Баҳодир Турсунович тайинлангани эълон қилиниб, уни йиғилиш иштирокчиларига таништирилди.
Хабарингиз бор, Президентимиз топшириқларига асосан аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва муаммоларни манзилли ҳал этиш бўйича янгича тизимда иш ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинган.
Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида вилоят бўйича фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати аниқ мисоллар асосида таҳлил қилинди.
Йиғилишда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли ўрганиш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш, мурожаатларда кўтарилаётган муаммоларни тизимли асосда ҳал этиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини янада ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими ўрганишлар давомида аниқланган айрим камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва такрорламаслик чора-тадбирларига эътибор қаратиб, масъулларга тегишли топшириқлар берди.
Таъкидлаш жоиз, бугун фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими — давлат идоралари фаолиятининг энг муҳим мезонларидан бири ҳисобланмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, аҳоли дарду ташвишларини ўз вақтида эшитиш ва уларга қонуний ечим топиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.









