Қизғалдоқ машмашаси: Холис бўлмаган журналистика ва «дарахт экиш» билан хаспўшланган қонунбузарлик
2026-04-15 16:30:00 / Rasmiy munosabat

#Расмий_муносабат
Қизғалдоқ машмашаси: Холис бўлмаган журналистика ва «дарахт экиш» билан хаспўшланган қонунбузарлик
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бироқ, амалиётда айрим ҳолларда тадбиркорнинг қонуний фаолиятига нисбатан аҳолининг айрим вакиллари ва ОАВ вакиллари томонидан асоссиз тўсқинлик қилиш ҳамда вазиятни нохолис ёритиш ҳолатлари учраб тургани ачинарлидир.
Тошкент туманидаги «MODEREN GREEN SERVISE» МЧЖ атрофида юзага келган низоли вазият бунинг яққол мисолидир. Қуйида ушбу масала юзасидан холис ва таҳлилий муносабат тақдим этилади.
Ҳақиқат чиғириғи: Ахлатхонадан яшил боғ сари
Таъкидлаш жоизки, муқаддам йиллар давомида қаровсиз ҳолатда қолиб, қурилиш ва маиший чиқиндилар полигонига айланган Қизғалдоқ маҳалласидаги ташландиқ ҳудуднинг санитар-экологик ҳолатини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар дастлаб маҳаллий аҳоли иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган бўлса-да, фуқаролар томонидан ҳудуд тозалигига масъулиятсизлик билан қаралиши оқибатида тизимли муаммолар юзага келган эди. Юзага келган нохуш вазиятга мақбул ечим топиш, ер майдонидан оқилона фойдаланиш ва ҳудудни яшил маконга айлантириш мақсадида, мазкур ер майдони белгиланган тартибда «MODEREN GREEN SERVISE» МЧЖга бириктирилиб, тадбиркор томонидан тўлиқ чиқиндилардан тозаланган ва ободонлаштириш ҳамда кўкламзорлаштириш ишлари бажарилган.
Бу фактлар видео ва фотоҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса-да, айрим фуқаролар гўёки ҳудудни ўзлари тозалаганлиги ҳақида ёлғон даъволарни илгари суришмоқда. Ваҳоланки, ҳудуддаги ахлатлар айнан шу атрофда яшовчи аҳолининг “ҳиссаси” эканлиги ва МЧЖ томонидан катта харажат эвазига бартараф этилганлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Ўзбошимчалик ва экологик ниқоб остидаги қонунбузарликлар
2025 йилнинг куз ойларида бир гуруҳ шахслар (Ғ.Соатов ва бошқалар) МЧЖ ҳудудига ноқонуний кириб, жамият томонидан ўрнатилган “эко-тўсиқ”ларни бузиб ташлашган. Уларнинг асосий мақсади — ҳудудга тез ўсувчи дарахтларни (терак, чинор, павлония) экстримал қисқа муддатда экиш орқали, келажакда “бу ерда дарахт бор, тегиб бўлмайди” деган важ билан ерни эгаллаб олиш бўлган.
Инвентаризация натижалари шуни кўрсатдики, 1758 туп дарахт айнан 2025 йилнинг ноябрь ойида, низоли вазият авж олган пайтда экилган. Бундан ташқари, ҳудудда юқори кучланишли электр тармоқлари ўтганлиги сабабли, у ерда баланд бўйли дарахтлар экиш ва бурғилаш ишларини олиб бориш хавфсизлик қоидаларига зиддир. Жавобгарлар эса нафақат дарахт экишган, балки 2 дона артезиан қудуғини ҳам ноқонуний қазишган.
Яна бир ачинарли ҳолат — ичимлик суви тақчиллиги даврида ушбу дарахтларни суғориш учун ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланилганлигидир. Бу бўйича 2026 йил 9 январь куни айбдорларга нисбатан суд томонидан 11,7 млн сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Журналистик этика ва шахсий манфаатлар тўқнашуви
Мазкур ҳолатни ёритишда "Xalq so‘zi" ва "Narodnoe slovo" газеталари мухбири Сардор Поёновнинг касбий ёндашуви холислик ва журналистик этика мезонлари асосида чуқур таҳлилни талаб этади. Хусусан, тақдим этилган видеоматериалларда туман ҳокимлиги ҳамда ваколатли давлат идораларининг (кадастр, архитектура) асослантирилган расмий муносабатлари атайлаб кесиб ташланганлиги, воқеликнинг фақат бир томонлама манзарада тақдим этилишига сабаб бўлган.
Журналистик суриштирувнинг энг асосий тамойили бўлган ахборот мувозанатининг бузилиши ва воқеаларнинг бўрттирилган рангда тасвирланиши, ушбу материалнинг асл мақсади юзасидан муайян шубҳаларни келтириб чиқармоқда. Журналист томонидан далилларнинг танлаб олиниши ва тадбиркорлик субъектининг ишчанлик обрўсига путур етказишга қаратилган ҳаракатлар, ушбу "суриштирув" замирида касбий мажбурият эмас, балки шахсий манфаатдорлик ёки муайян доираларнинг қарашларини илгари суриш истаги ётган бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
Бундай субъектив ёндашув Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддасида белгиланган “журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шарт” деган қатъий талабнинг бузилиши сифатида шубҳа уйғотади. Шунингдек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига кўра, ОАВ эркинлигидан юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсига путур етказиш мақсадида фойдаланиш тақиқланган бўлиб, мухбирнинг мазкур ҳаракатлари ушбу ҳуқуқий нормаларга қанчалик мувофиқлиги тегишли тартибда баҳоланиши лозим.
Қонун ҳамма учун баробар
Дастлаб воқеанинг ҳуқуқий томонига тўхталсак. Ноқонуний равишда артезиан қудуғи қазиганлик ҳолати бўйича Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан тегишли ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада фуқаро Х.Дамонов айбдор деб топилиб, унга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси кўрилган. Яъни, қонунбузарлик аниқланган ва айбдорга қонуний жазо тайинланган.
Мақола ёки лавҳа тайёрлашда холислик энг асосий мезон бўлиши шарт. Аммо С.Паёнов тасвирга олиш жараёнида иштирок этган бошқа ташкилотларнинг фикрларини тўлиқ ёритмай, фақат ўзига керакли бўлган «парчалар»дан фойдаланмоқда. Турли асоссиз айбловлар ва туҳматлар орқали жамоатчилик эътиборини чалғитиб, маълум бир тадбиркорлик субъектига нисбатан аҳолида салбий фикр уйғотишга уринмоқда.
Журналист аввал ҳам бундай ҳолатлар бўйича огоҳлантирилган бўлишига қарамай, ўз хатоларидан хулоса чиқармаган кўринади.
Хулоса
«MODEREN GREEN SERVISE» МЧЖ ўз фаолиятини қонуний асосларда, солиқларни ўз вақтида тўлаган ҳолда олиб бормоқда. Тадбиркорнинг ерига ўзбошимчалик билан кириш, иншоотлар (супа, товуқхона) қуриш ва ноқонуний дарахт экиш — бу экологияга ғамхўрлик эмас, балки очиқдан-очиқ қонунбузарлик ва ўзганинг мулкига тажовуздир.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда мазкур низоли вазият юзасидан суд жараёнлари давом этмоқда. Журналистик ва ҳуқуқий этика тамойилларидан келиб чиқиб, суднинг якуний қарори қабул қилинмагунча ва барча ҳужжатлар расман очиқланмагунча, вазиятга бир томонлама баҳо бериш ва жамоатчилик фикрини чалғитиш мақсадга мувофиқ эмас. Зеро, ҳар қандай ҳуқуқий давлатда бўлгани каби, ушбу масалага ҳам фақат суд томонидан холис ва қонуний якуний нуқта қўйилади.
