Навоийда яйловлар ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича республика семинари бўлиб ўтди
2026-10-16 15:10:00 / Yangiliklar

Бугун Навоий вилоятида яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, деградациянинг олдини олиш ҳамда чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган республика миқёсидаги кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи асосида ташкил этилган ушбу тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, банклар ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган йирик чорвадор тадбиркорлар иштирок этдилар.
Семинар дастурига мувофиқ, иштирокчилар Навоий вилоятининг Конимех туманида бўлиб, амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Жумладан, Конимех туманидаги «Кенгсой» ҳудудида ўзлаштирилаётган 4 минг гектар яйлов майдонлари, озуқа экинларини суғориш учун барпо этилган сунъий сув омбори ҳамда «ПИВОТ» усулидаги сув тежовчи технологиялар кўздан кечирилди.
Жараёнлар Қизилтепа туманида давом эттирилади.
Тадбир яйлов ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.









