Чўл бағрида мўъжиза: Конимехдаги 3 800 гектар қаровсиз яйлов қандай қилиб яшил воҳага айланади?
2026-09-12 17:55:00 / Yangiliklar

Қизилтепадаги сермаҳсул ташрифни якунлаган вилоят ҳокими Нормат Турсунов Конимех туманига ўтиб, чўл бағрида бошланган улкан ўзлаштириш ишларини кўздан кечирди. Бу ерда йиллар давомида қаровсиз ётган яйловларга қайта жон киритиш ва уларни мустаҳкам озуқа базасига айлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бу эзгу ишларнинг бош пойдевори — “Кенгсой” каналининг қурилиши бўлди. Шу канал эвазига қишлоқ хўжалигидан чиқиб кетган 3 800 гектар яйлов майдони яна сув билан таъминланиб, "ҳаёт"га қайтарилмоқда.
Мамлакатимиздаги 8 та етакчи банк томонидан 2 300 гектар майдонда истиқболли лойиҳалар шакллантирилди. 9 та маҳаллий тадбиркор ва “Агростар” МЧЖ томонидан чорва озуқаси базаси яратилаётган бўлса, хитойлик инвесторлар 500 гектар майдонда пахта етиштиришни йўлга қўймоқда.
Ўзлаштирилган 4 000 гектар лалми ерга маккажўхори экилиб, гектаридан 40 тоннадан — умумҳисобда 124 минг тонна силос олиш мўлжалланмоқда. Бу чорвачилик учун тайёр ризқ дегани!
Ҳудудда 15 минг бош майда шохли ва 5 минг бош йирик шохли молларни парваришлашга мўлжалланган йирик мажмуа барпо этилмоқда.
Ҳозирда бу саҳро бағрида 30 га яқин оғир техника ва 100 га яқин фидойи ишчилар меҳнат қилмоқда. Энг муҳими, экинларни сувсиз қолдирмаслик учун 1,6 млн м³ сиғимли сув резервуари қурилиши жадал бормоқда.









