Навоийда яйловлардан самарали фойдаланилмоқдами?
2026-09-09 16:35:00 / Yangiliklar

Конимех тумани ҳокимлиги мажлислар залида Навоий вилоятида яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш, шунингдек, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни жадаллаштириш ва уларни амалга ошириш жараёнидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров ҳамда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов раҳбарлигида ўтказилди.
Унда туманлар ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда чорвачилик соҳаси вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда, аввало, вилоятдаги мавжуд яйлов ерларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, чорва моллари бош сони ва маҳсулдорлигини ошириш, яйловларнинг ҳолатини яхшилаш, соҳадаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоятнинг яйлов худудларида, хусусан, Конимех туманидаги кенг яйлов майдонлари ва чорвачилик соҳасидаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги даромад манбаларини яратишда муҳимлиги табкидланди ва 2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларда яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачиликни ривожлантириш имкониятларидан кенг фойдаланиш устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан масъул раҳбар ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.








