Чўл ҳудудларида яйлов ерлардан самарали фойдаланиш ва сув таъминотини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-09 16:20:00 / Yangiliklar

Конимех тумани ҳокимлигида чўл ҳудудларидаги яйлов ерлардан самарали фойдаланиш, уларни ўзлаштириш ва чорвачилик учун зарур озуқа базасини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, тегишли мутасадди раҳбарлар, соҳа масъуллари ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда чўл ҳудудларидаги яйлов ерларни босқичма-босқич ўзлаштириш орқали улардан унумли фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Хусусан, мазкур ҳудудларда тик қудуқлар қазиш, мавжуд сув манбаларидан оқилона фойдаланиш ва сув таъминотини яхшилаш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланиши таъкидланди.
Шунингдек, сув ресурсларидан тежамкор ва самарали фойдаланиш мақсадида замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш, улар ёрдамида чорвачилик учун зарур бўлган озуқа экинларини етиштириш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу орқали чўл ҳудудларида чорвачиликни ривожлантириш, яйловлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда чорва моллари учун мустаҳкам озуқа базасини яратиш мақсад қилинган.
Йиғилиш давомида, шунингдек, Кенгсой каналини қуриш лойиҳаси бўйича тақдимот ўтказилди. Лойиҳанинг мақсади, амалга ошириш босқичлари, сув таъминотидаги аҳамияти ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга таъсири юзасидан маълумотлар берилди.
Мазкур канал қурилиши орқали ҳудудда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик йўналишларини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда.






