Соҳалар ва тармоқлар кесимида муҳим келишувларга эришилди
2026-08-21 16:35:00 / Yangiliklar

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация Гомель вилояти ижроия қўмитасида «12X12» форматида кенгайтирилган расмий музокаралар ўтказди. Учрашувда Навоий вилоятидан 12 нафар масъул раҳбар ҳамда Гомель вилояти ижроия қўмитаси раиси ва соҳавий ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари ва йирик корхоналар раҳбарларидан иборат 12 нафар вакил иштирок этди.
Асосий эътибор Олий даражада эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш ва икки ҳудуднинг аниқ тармоқлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилди. Музокаралар давомида «Гомсельмаш» техникалари учун бутловчи қисмларни Навоийда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва СЭЗ «Гомель-Ратон» имкониятларидан фойдаланиш, вилоятдаги чорвачилик мажмуаларини ижарага олиш, Гомель шаҳрида «Навоий савдо уйи»ни ташкил этиш, шунингдек, ушбу ҳудуд корхоналари учун Навоийда малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида тажриба алмашиш ва навоийлик шифокорларнинг малакасини ошириш каби стратегик масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки вилоятнинг соҳавий раҳбарларига белгиланган барча йўналишлар бўйича масъулларни бириктирган ҳолда аниқ муддатларга эга қўшма «Йўл харитаси»ни шакллантириш топширилди.








