Қишлоқ хўжалигида бугунги кунлар ғанимат
2024-04-28 16:12:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қишлоқ хўжалигидаги долзарб вазифаларга бағишланган муҳокама ўтказди.
Тўрақўрғон туманидаги Маданият марказида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят, туманлар секторлари, соҳага дахлдор ташкилотлар мутасаддилари, ғўза ва ғалла экинлари ривожланишдан орқада қолаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Дастлаб вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан туманларда ўтказган ўрганишлари бўйича тайёрланган фототанқид ва бошқа маълумотлар қолоқ фермерлар кесимида бирма бир кўриб чиқилди.
Танқидий рухда ўтган йиғилишда вилоят раҳбари ғўза ва буғдой ниҳоллари парваришини ўз ҳолига ташлаб қўйган фермерлар ва бу борада назоратни етарли даражада йўлга қўймаган мутасаддилардан масъулият талаб қилди. Уларга ишда йўл қўйган хато ва камчиликларини зудлик билан бартараф этиш юзасидан қисқа муддатли синов белгиланди.
Йиғилишда баҳорнинг ҳар кунидан унумли фойдаланиш, ғўзани культивациялаш, чуқур чопиқ қилиш, ягоналаш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, зараркунандаларга қарши курашиш, ғаллачиликдаги долзарб юмушларни ўз вақтида бажариш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари, тавсиялари тингланди.









