Ромитан: мақсад — иссиқхонани сердаромад бизнес йўналишига айлантириш
2024-12-18 10:45:00 / Янгиликлар

Айниқса, турмуш тарзи оғир кечаётган, камбағал ва даромадсиз қолган оилаларга ўзларини тиклаб олишлари учун иссиқхона қуриб бериш, бу борада ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини қўллаш оммалашмоқда.
Масалан, ҳозирда Хитойнинг “Jing Peng Guo Ji” масъулиятли чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси ҳар бирининг баҳоланган нархи 9 миллион сўм миқдорида бўлган икки сотихли ихчам иссиқхоналар қуриб бериш ташаббуси билан чиққан. Хорижий корхона томонидан айни пайтда Навбаҳор маҳалласидаги Ромитан касб-ҳунарга ўқитиш марказида тайёр ҳолда топшириш шарти билан намунавий шаклда 250 та ихчам иссиқхона қуриш ишларига жадал киришилган.
Шунингдек, Ромитан туманида “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонаси тасарруфида “Муҳаммад Темур Аслон” МЧЖга қарашли иссиқхона каби айни кунда 155 та тадбиркорлик субъекти томонидан 300 гектарга яқин ер майдонида иссиқхона хўжаликлари барпо этилган бўлиб, уларда мавсумга қараб сархил сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бу иссиқхоналарда 2024-2025 йилларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 70 фоизини экспортга йўналтириш, хорижий бозорларга чиқариб сотиш, тўла қувватда фаолият юритмаётган иссиқхона хўжаликларини “соғломлаштириш” чоралари белгиланган.
Куни кеча туман ҳокими Умеджон Барноев бошчилигида масъуллар, маъмурий секторлар раҳбарлари, агрокомплексга дахлдор идора ва ташкилот мутасаддилари ўз маҳсулотларини экспорт учун йўналтириш тараддудида бўлган, дала майдонларида иссиқхона хўжалиги фаолиятини юритаётган деҳқон миришкорлар, тадбиркорлик субъектлари билан юзма-юз кўришиб, улар ташвиш-муаммоларини, мурожаатларини эшитдилар. Нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш чоралари изланди.
Хўжаликларни манзилли ўрганишда ҳосил етиштирилаётган ҳудуд, айниқса, унда экспортбоп помидор, бодринг ва бошқа маҳсулотларни саранжомлаш, харидор топиш, бозорга чиқариш, ишчи жамоа моддий манфаатдорлигини таъминлашгача бўлган узвий жараён механизмига доир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Томорқачилик маданияти хусусида гап кетганда, бугунга келиб Ромитан туманида қарийб 33 мингта хонадон ўз томорқа ерига эга бўлиб, ҳозирда улар ихтиёридаги 3 минг 681 гектарни ташкил этган томорқа ерида қишки агротехник тадбирлар билан бирга плёнка остида ҳосил етиштириш ишлари бораётгани қувонарли. Бу борада ҳудуддаги 3,5 мингга яқин хонадонда ўртача 2-5 сотихли иссиқхона бўлиб, улардаги жами 1 минг гектарга яқин экин ерида йилнинг тўрт фаслида сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш тажрибаси оширилмоқда. Зеро, иссиқхона сердаромад бизнес йўналиши ҳисобланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати


