ЎЗБЕК ТИЛИ — МИЛЛАТ ҒУРУРИ, МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИ
2026-10-21 10:55:00 / Янгиликлар

ЎЗБЕК ТИЛИ — МИЛЛАТ ҒУРУРИ, МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИ
Бугун Хатирчи тумани марказидаги “Умуммиллий бирдамлик боғи”да 21-октябр — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими ўринбосари Мадамин Абдуллаев, нуронийлар, ижодкорлар, зиёлилар ҳамда иқтидорли ёшлар иштирок этиб, она тилимизнинг миллий ўзлигимиз, тарихимиз ва маънавий қадриятларимизни мужассам этган бебаҳо бойлик эканини яна бир бор эътироф этдилар.
Тадбир аввалида туман ҳокими ўринбосари Мадамин Абдуллаев туман ҳокимининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини янада юксалтириш, унинг софлигини асраб-авайлаш, ёш авлод қалбида она тилига ҳурмат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Таъкидланганидек, ўзбек тили халқимизнинг кўп асрлик тарихи, бой маданий мероси, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо маънавий хазинадир. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келгуси авлодларга безавол етказиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Байрам тадбири давомида туманимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш, она тилимизнинг бой имкониятларини кенг тарғиб этиш ҳамда ёшлар орасида тил маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фуқаролар туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу каби эътироф ва рағбатлар она тилимизга бўлган ҳурматни янада ошириш, тил фидойиларининг самарали меҳнатини қадрлаш ҳамда уларнинг эзгу ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Тадбирнинг бадиий қисмида туман Маданият бўлими ижодкорлари томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар, шеърлар ва бадиий чиқишлар намойиш этилди. Ижодий дастур иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаб, миллий қадриятларимиз ва она тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлади.
Байрам тадбири она тилимизга эҳтиром, миллий ғурур ва маънавий бирлик туйғуларини тараннум этган ҳолда, барчани ўзбек тилининг софлигини сақлаш, унинг бой имкониятларидан самарали фойдаланиш ва келажак авлодга муносиб етказиш йўлида фаол бўлишга чорлади.









