Ёшлар билан очиқ мулоқот — таълим ва имкониятлар уйғунлиги
2026-08-20 10:30:00 / Янгиликлар

Ёшлар билан очиқ мулоқот — таълим ва имкониятлар уйғунлиги
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, юртимизда ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб бориш, уларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларда раҳбарларнинг ёшлар билан учрашувлари мунтазам ташкил этилиб, билдирилган мурожаатлар ижроси жойида кўриб чиқилмоқда.
Хатирчи туманида ҳам ҳар ҳафта пайшанба куни “Ёшлар куни” доирасида ёшлар билан очиқ мулоқотлар, учрашувлар ва сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги учрашув туман ҳокими Умиджон Адизов иштирокида “Чағатой” маҳалласи ҳудудида жойлашган 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда маҳалладаги ишсиз ёшлар, мактаб битирувчилари ҳамда иқтидорли ёшлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат ва таклифларини билдирдилар. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, 69-сонли умумий ўрта таълим мактабида таълим натижалари ҳам салмоқли. Жорий ўқув йилида мактабни 79 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, уларнинг 60 нафари, яъни 76 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашган ўқувчиларнинг ўртача натижаси эса 127,14 баллни ташкил этди.
Бу кўрсаткичлар мактабдаги таълим жараёнлари самарали йўлга қўйилгани, педагоглар жамоасининг меҳнати ва ўқувчиларнинг билим олишга бўлган интилиши ўзининг амалий натижасини бераётганидан далолат беради.
Учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлардан бири асосида туман ҳокими мактабнинг эски биносидаги тайёрлов курслари фаолияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Маълум бўлишича, мазкур бино 1991-йилда ҳашар йўли билан бунёд этилган бўлиб, бугунги кунга келиб таъмирталаб ҳолатга тушган. Шунга қарамай, ҳозирда ушбу бинода 8 та фан йўналиши бўйича 500 нафардан ортиқ ўқувчи олий таълим муассасаларига киришга тайёргарлик кўриш мақсадида қўшимча тўгаракларда таҳсил олмоқда.
Бу, бир томондан, ҳудуддаги ёшларнинг олий таълимга бўлган интилиши ва билим олишга бўлган қизиқиши юқорилигини кўрсатса, иккинчи томондан, уларга муносиб шароит яратиш заруратини ҳам кўрсатмоқда.
Туман ҳокими мазкур бинодаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, таъмирлаш ишларини ташкил этиш ҳамда ўқувчилар учун қулай ва замонавий шароитлар яратиш юзасидан мутасулларга тегишли топшириқлар берди.
Дарҳақиқат, ёшларнинг келажаги ҳақида қайғуриш — нафақат уларнинг мурожаатларини тинглаш, балки бу мурожаатлар ортидаги эҳтиёж ва муаммоларни амалда ҳал этишни ҳам талаб этади. Шу нуқтайи назардан, бундай учрашувлар ёшларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим ва самарали механизмига айланмоқда.
Учрашув якунида туман ҳокими Умиджон Адизов ёшларнинг келгусидаги ўқиш ва фаолиятларида омад тилаб, пухта билим олиш, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаш, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Зеро, ёшлар билан очиқ мулоқот — бу нафақат муаммоларни эшитиш, балки уларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқариш учун амалий имкониятлар яратиш демакдир.








