Китобхонлик
2026-08-15 18:00:00 / Янгиликлар

Китобхонлик
📚 Умуммиллий бирдамлик боғида ижодкорлар жам бўлди
Хатирчи туманидаги "Умуммиллий бирдамлик боғида" “Ягона Ватан ва умумий келажак сари!” шиори остида туман Ахборот-кутубхона маркази ташаббуси билан “Дўстлик адабиёти ҳафталиги” доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Мадамин Абдуллаев, туман Маънавият ва маърифат бўлинмаси раҳбари Маъруфжон Маҳмудов, “Дўстлик байроғи” ва "Знамя дружбы" газеталари бош муҳаррири Бобоқанд Умаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Худойберди Мамадиёров, ижодкорлар, китобхонлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг асосий қисми Хатирчи туманида туғилиб, ижод қилаётган ёзувчи Мастура Абдураим қизи билан ўтказилган ижодий суҳбатга бағишланди. Унда ижодкорнинг ижодий йўли, асарларининг яратилиш жараёни, китобхонлик маданияти ва замонавий адабиётнинг ўрни ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, ижодкорнинг “Телба фалсафалар”, “Истисно” ҳамда “Фаришта қанотлари остида” асарлари тақдимоти ўтказилиб, уларнинг мазмун-моҳияти юзасидан иштирокчилар билан фикр алмашилди.
Тадбир давомида китобхонликни кенг тарғиб этиш, ёшларнинг адабиётга қизиқишини ошириш, миллатлараро дўстлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
📖 Адабиёт — қалбларни бирлаштиради, дўстлик ва бирдамлик эса жамиятни янада мустаҳкамлайди.
✍️ ХАТИРЧИ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ






