Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги соҳасида 2028 йилга қадар эришиладиган асосий кўрсаткичларга оид таклифлар тақдимоти билан танишилди
2025-09-25 17:10:00 / Мажлислар

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган тақдимотда “Сувхўжаликназорат” инспекцияси бошлиғи Р.Рахимов, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосарлари, бўлим ва сектор раҳбарлари тегишли йўналишлар бўйича тақдимотлар қилишди.
Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш йўналиши бўйича амалдаги ҳолат ҳақида ахборот берилиб, 2028 йилга қадар амалга ошириладиган тадбирлар ва эришиладиган асосий кўрсаткичлар муҳокама этилди.
Тақдимотда таъкидланганидек, сув хўжалиги ходимларидан иборат 64 та суғориш тизимларини монтаж қилиш ва сервис хизмати кўрсатиш гуруҳлари фаолияти такомиллаштирилади. Шунингдек, 4 минг 381 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини қайта ишга тушириш режалаштирилган. Соҳада 1 та илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш ҳамда илмий асосланган услубий қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Тақдимотда Давлат дастури доирасида каналларни реконструкция қилиш (бетонлаш) лойиҳаси, сув иншоотларни қайта тиклаш, йиллик электр энергиясини ва сув ресурсларини тежаш, ички суғориш тармоқларида амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама қилинди.
2025-2030 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилиши режалаштирилган хорижий инвестиция лойиҳалари шимолий туманлардаги ирригация тизимларини реконструкция қилиш орқали суғориладиган ерларни кафолатли сув билан таъминлашга имкон яратади.
Шунингдек, суғориш тизимларини йил давомида ишчи ҳолатда сақлаш ва даврий механик тозалаш ишларини амалга ошириш мақсадида сув хўжалиги ташкилотлари 7 дона земснарядлар билан таъминланади.
Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалиги вазирлигида соҳани рақамлаштириш йуналиши, давлат насос станцияларининг самарадорлигини ошириш, сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этиш борасида 2025-2026 йилларда амалга ошириладиган ДХШ лойиҳалари, молиявий харажатлари ҳолати, истиқболи ҳамда тизим ташкилотларида ривожлантириш жамғармасига маблағ тушириш, қуйи тизимда ишловчи сувчиларни қўшимча рағбатлантиришга қаратилган лойиҳалар юзасидан масъуллар тақдимот қилишди.
Тақдимот давомида Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев ҳар бир лойиҳани алоҳида муҳокама қилиб, ўзининг таклифларини билдириб ўтди. Шунингдек, масъулларга тақдим этилган лойиҳаларни такомиллаштириш ва ижросини таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.
"Сувхўжаликназорат” инспекцияси
ахборот хизмати
