НОҚОНУНИЙ СУВ ОЛИШ НУҚТАЛАРИ БАРТАРАФ ЭТИЛДИ
2025-09-19 18:20:00 / Янгиликлар

Барча жабҳада бўлгани каби сувдан фойдаланишнинг ҳам ўзига хос тартиб ва қоидалари бор. Унга амал қилиш истъмолчилар ўртасида сув ресурсларининг адолатли тақсимланишига хизмат қилади.
Аммо, айрим “ишбилармон” сув истеъмолчилари ўзларига тегишли ариқларнинг белгиланган нуқталаридан сув олмасдан, ўзбошимчалик билан ўзига қулай бўлган, бошқа ҳудудларга хизмат кўрсатувчи ариқ ва каналлар сувидан ноқонуний равишда фойдаланишга одатланишган.
Натижада, оқим бўйича қуйида жойлашган аҳоли ва фермер хўжаликларида сув танқислиги кузатилмоқда. Бу каби салбий ҳолатлар юзасидан “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Бухоро вилоят бошқармасига кўплаб мурожаат келиб тушмоқда.
Куни-кеча Когон туманида фаолият юритувчи “Сафаров Жўра” фермер хўжалиги раҳбари Азиз Амонов томонидан Ўба чўли ҳудудига хизмат кўрсатувчи “Шаҳар” ариғига ноқонуний сув олиш нуқтаси ўрнатилиб, ҳеч қандай ҳужжатларсиз, сувдан хўжасизларча фойдаланиб келинаётганлиги тўғрисида инспекцияга мурожаат келиб тушди.
Инспекция мутахассислари томонидан мурожаат зудлик билан ўрганилиб, ноқонуний сув олиш нуқтаси бартараф қилинди ва фермер йўл қўйилган бу ҳолат қандай ҳуқуқий оқибатларини келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, фермер хўжалиги раҳбарига ўз ихтиёридаги ариқларни ҳашар қилиб, ишчи ҳолатига келтириш ҳамда талабнома асосида сувдан фойдаланиш зарурлиги тушунтирилди.
