КАМЧИЛИКЛАР АНИҚЛАНИБ, ҚОНУНБУЗАРЛАРГА МАЪМУРИЙ ВА МОЛИЯВИЙ ЖАРИМАЛАР ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА
2025-09-16 18:20:00 / Коррупцияга қарши амалга оширилаётган ишлар

Хусусан, мутахассисларимиз Музработ тумани ҳудудида жойлашган “Жайхун” насос станциясини хавфсиз, ишончли ва техник соз ҳолатда ишлатиш учун амалга оширилаётган тадбирлар ҳолатини ўрганганда жамоа аъзолари томонидан бир қатор камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.
“Жайхун” насос станцияси насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги йирик сув хўжалиги объектларидан бири бўлиб, 1984 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаяпти. Насос станциясидаги мавжуд 7 та ОПВ-2-185 русумли насос агрегатлари орқали Амударёдан 16,5 метр баландликка сув тортиб чиқарилиб, Музработ туманининг 6,5 минг гектар экин майдонларини суғоришга хизмат қилади.
Мутахассисларимиз ўрганишлари жараёнида агрегатларнинг биттаси таъмирталаблиги туфайли анчадан буён ишламаётгани ойдинлашди. Жамоа етакчисига зарур эҳтиёж қисмини топиб, тезроқ агрегатни ишга қўшиш тавсия қилинди.
Ўтказилаётган режавий ишлар ва семинарларда сув хўжалиги мутахассисларига агрегатлар ва электр двигателларни таъмирлаш ишлари, электр ускуналар, дренаж тармоқлари ва сув таъминоти тизимларининг техник ҳолатлари ўрганилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан тавсиялар берилмоқда.
Жумладан, “Жайхун” насос станциясига сув келтирувчи канални лойқа босгани мутахассисларга кўрсатилиб, тозалаш чораларини кўриш кўрсатмаси берилди. Ўрганишлар жараёнида насос станцияси биносининг пастки қисмларида ёритиш чироқлари камлиги туфайли ёруғлик етишмаслиги тушунтирилди.
Шунингдек, жамоа аъзоларига гидротехник иншоотлардан фойдаланиш юзасидан белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилиш, иншоотлардан самарали фойдаланиш, сув истеъмоли қоидаларига риоя қилиш, сувдан фойдаланишда гидротехник иншоотларини бошқариш ва сув ҳисобини юритиш бўйича тушунтиришлар берилди.
“Жайхун” насос станцияси агрегатлари ёрдамида чиқарилаётган обиҳаёт “Жайхун” каналига оқаётгани ва ундан Музработ тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси сувчилари ва истеъмолчилар фойдаланаётгани ҳолати ўрганилиб, аниқланган качилиликларни бартараф қилиш юзасидан ёзма кўрсатма берилган, қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан маъмурий ва молиявий жарималар қўлланилмоқда.
Мутахассисларимиз қайси гидротехник иншоотда тадбир ўтказмасин, барчасида жамоаларда меҳнат қилаётган мутахассислар Ўзбекистон Республикасининг “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунида белгиланган вазифалардан хабардор қилинмоқда. Шу билан бирга, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш зарурлиги тарғиб қилинаяпти.
Шуҳрат Суюндиков,
“Сувхўжаликназорат” инспекцияси
Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи

